
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ва кўплаб аёл-қизларнинг диққат марказига айланган «Бадавлат аёл» лойиҳаси атрофида жиддий можаро юзага келди. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Рақобат қўмитаси) фуқаролар томонидан келиб тушган кўплаб шикоятлар асосида ушбу лойиҳа фаолиятини атрофлича текшириб чиқди.
Маълум бўлишича, 2-3 йилдан буён фаолият юритиб келаётган мазкур платформа дастлаб аёл-қизлар учун психологик ривожланиш, оилавий муносабатларни яхшилаш, тадбиркорлик билимлари ва шахсий ўсиш учун муҳим кўникмаларни берувчи таълим майдони сифатида ўзини танитган. Платформа орқали иштирокчилар дарсларга ёзилиб, керакли тавсиялар ва амалий билимлар олиш имкониятига эга бўлишлари ваъда қилинган. Молиявий жиҳатдан эса фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида тўловларни Uzum nasiya орқали муддатли тарзда амалга ошириш имконияти ҳам мавжуд эди.
Бироқ, платформа иштирокчиларидан келиб тушган 50 дан ортиқ шикоятларда қатор жиддий муаммолар юзага чиққани маълум бўлди. Истеъмолчиларнинг асосий эътирозлари қуйидагилардан иборат:
- Ваъда қилинган дарслар ўз вақтида ташкил этилмаётганлиги, таълим жараёнини профессионал бўлмаган устозлар ўтказаётганлиги;
- Таълим сифати пастлиги, натижалар ваъда қилинган даражага мутлақо етмаётганлиги;
- Ташкилотчилар томонидан тингловчиларнинг шикоят ва эътирозлари эътиборсиз қолдирилаётганлиги, баъзан эса қўпол ва таҳқирловчи муносабатда бўлинаётганлиги;
- Эътироз билдирган фойдаланувчилар платформа орқали блокланиши, бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига сабаб бўлиши;
- Дарслар 3 ой ва ундан ортиқ вақт давомида ўтказилмаётган бўлса-да, истеъмолчиларнинг пластик карталаридан ҳар ойлик тўловлар автоматик тарзда ечиб олиниши;
- Лойиҳадан чиқиб кетиш ва шартномани бекор қилиш жараёни асоссиз равишда қийинлаштирилгани, айниқса вилоятлардаги фуқаролар учун Тошкент шаҳрига келиш талаб қилинишидир.
Шунингдек, шикоятчиларнинг яна бир жиддий эътирози шу бўлдики, лойиҳага аъзо бўлиш учун Instagram орқали битта тугмани босиш етарли бўлган ҳолда, уни тарк этиш ёки шартномани бекор қилиш қарийб имконсиз қилиб қўйилган.
Ушбу вазиятларни эътиборга олган ҳолда, Рақобат қўмитаси «Helpdesk» МЧЖ (лойиҳа ташкилотчиси) ҳамда «Shaffof moliya» МЧЖ (молиялаштирувчи ташкилот) билан биргаликда муаммоларни теран ўрганиб чиқмоқда. Қўмита, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида, молиявий хизмат кўрсатувчи Uzum nasiya платформасига «Бадавлат аёл» лойиҳаси билан ҳамкорлик шартномасини қайта кўриб чиқиш ва лозим бўлса бекор қилиш бўйича расмий таклиф йўллаганини ҳам маълум қилди.
Бугунги кунда мазкур вазият жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Кўплаб фойдаланувчилар ўз шикоятлари орқали нафақат платформа ташкилотчиларига, балки молиявий хизмат кўрсатувчи компанияларга ҳам кескин норозилик билдирмоқда. Рақобат қўмитасининг бу борадаги якуний қарорлари эса кенг жамоатчилик томонидан сабрсизлик билан кутиб қолинмоқда. Бу муаммо яқин вақт ичида ечим топишни талаб этувчи долзарб мавзуга айлангани шубҳасиз. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар