
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ботаник олимларининг қўшма илмий изланишлари замонавий илм-фаннинг муҳим ютуқларидан бирига айланди. Olimlarning биргаликда олиб борган чуқур тадқиқотлари натижасида, бошоқдошлар (Poaceae) оиласи таркибидаги Elymus туркумидан фан учун мутлақо янги бўлган ўсимлик тури аниқланди ва бу илмий кашфиёт сифатида халқаро миқёсда катта эътибор қозонмоқда.
Ушбу янги тур расмий равишда Elymus uzbekistanicus деб номланди ва энди у нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ботаника фанининг тарихий ҳодисаси сифатида қабул қилинмоқда. Бундай улкан ютуқ сўнгги 57 йил ичида Ўзбекистон ҳудудида Poaceae оиласига кирувчи янги турнинг илк бор топилиши билан боғлиқлиги катта аҳамият касб этмоқда.
Олимлар кашфиётни амалга оширишда нафақат анъанавий морфологик таҳлиллардан фойдаланган, балки замонавий генетик усулларни, хусусан, хлоропласт ва ядровий ДНК кетма-кетлиги таҳлилларини ҳам муваффақиятли қўллаган. Ушбу ўсимликнинг юқори сифатли суратлари, идентификация калити (дихотомик аниқлагичи), географик тарқалиши ва экологик хусусиятлари чуқур ўрганилиб, илмий ҳамжамиятга батафсил маълум қилинди.

Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, бу муҳим натижага Ўзбекистон Миллий гербарийси фонди материалларидан фойдаланган ҳолда эришилган. Ноёб гербарий фонди эса илмий-тадқиқотлар учун мустаҳкам платформа эканлигини яна бир марта намойиш этмоқда.
Бу янги турнинг аниқланганлиги нафақат Ўзбекистоннинг биологик хилма-хиллиги нақадар бой ва ҳали тўлиқ ўрганилмаганлигига, балки илмий ҳамкорликнинг муҳимлиги ва самарадорлигига яна бир карра ишора қилмоқда.
Тадқиқот натижалари дунёдаги энг нуфузли илмий журналлардан бири – PhytoKeys саҳифаларида нашр этилди. Ушбу кашфиёт дунё ботаник олимлари томонидан юқори баҳоланди ва глобал ботаника ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Elymus uzbekistanicus энди нафақат Ўзбекистон гербарийси коллекциясига, балки бутун дунё ботаникасига беқиёс ҳисса сифатида қўшилди. Бу ўсимликнинг илмий жиҳатдан янада чуқур ўрганилиши келажакда экологик муаммоларни ҳал қилиш ва биологик хилма-хилликни сақлаб қолишга ҳам хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистондаги бу ботаник сенсация, шубҳасиз, дунё илмий жамоатчилигини янгидан-янги тадқиқотлар олиб боришга руҳлантиришда давом этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар