
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги муҳим қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси мамлакат аҳолисининг соғлиғини муҳофаза қилиш, жамиятда юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонунга кўра, чет элда узлуксиз 90 кун ёки ундан кўпроқ муддат бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаролари, республикада доимий яшовчи чет эл фуқаролари ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатга кириб келаётган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мажбурий равишда тиббий кўрикдан, жумладан, ОИВга қарши текширувдан ўтишлари керак бўлади.
Йиғилишда ташаббускор депутат Шерзод Қулматовнинг таъкидлашича, 90 кун муддати танланиши бежиз эмас. Мазкур муддат вирус ёки юқумли касаллик инсон организмида яширин ҳолда бўлиб, айнан шу даврдан сўнг клиник белгиларни кўрсата бошлаши мумкин. Шу сабабли, бу муддат тиббий нуқтаи назардан асослидир.
"Ҳар бир фуқаро чет элдан қайтганидан сўнг ўзининг ва оиласининг соғлиғини асраши керак. Бунда шифокор назоратидан ўз вақтида ўтиш, хавфли касалликлар тарқалишига йўл қўймаслик учун муҳим аҳамият касб этади", – деди Шерзод Қулматов ўз нутқида.
Қонун лойиҳаси ўз навбатида меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, ижтимоий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва аҳоли саломатлиги учун таҳдид бўлган турли юқумли касалликларга қарши таъсирчан ҳуқуқий механизмлар яратишга ҳам қаратилган.
Муҳокамалар якунида депутатлар ушбу қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллаб, унинг аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб ўтишди. Ушбу янги ўзгаришлар тез орада амалиётга татбиқ этилиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар