date
views 9 047

Самарқандда фожеа: камера ўрнатмоқчи бўлган ишчилар ток уриб вафот этди

Самарқандда фожеа: камера ўрнатмоқчи бўлган ишчилар ток уриб вафот этди
8 июнь куни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида қайғули воқеа рўй берди — икки нафар фуқаро ток уриши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Kun.uz мухбирига маълумот берди.

Маълум қилинишича, воқеа Тойлоқ туманидаги «Боғизағон» маҳалласида содир бўлган. Шу ҳудудда жойлашган савдо дўконига кузатув видеокамералари ўрнатиш билан шуғулланаётган хусусий фирманинг икки ходими хизмат вазифасини бажариш пайтида бахтсиз ҳодисага учраган.

Иш жараёнида ишчилардан бири металл нарвонни ҳаво электр узатиш тармоғи — «Анзур» фидерига тегизиб юборган. Бу эса кучли электр разряди келиб чиқишига ва ҳар икки ходимнинг ток уриши оқибатида жон беришига сабаб бўлган.

Айни вақтда ушбу ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Мутасаддилар фожеага нималар сабаб бўлганини аниқлаш, масъул шахсларни белгилаш ва бу каби ҳолатлар олдини олиш юзасидан чоралар кўриш устида иш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу каби ҳолатлар инсон ҳаёти учун жуда катта хавф туғдиради. Мутахассислар техник воситалар билан ишлаётганда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш лозимлигини таъкидлашмоқда.

Инсон ҳаёти энг олий қадрият. Бундай қайғули ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун барча соҳаларда хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Самарқандда фожеа: камера ўрнатмоқчи бўлган ишчилар ток уриб вафот этди