date
views 103

Тошкентда Халқаро тижорат суди ташкил этилади

Тошкентда Халқаро тижорат суди ташкил этилади
Тошкент шаҳрида янги форматдаги суд органи — Халқаро тижорат суди (TICC) ташкил этилади, деб Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида маълум қилинди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан маълум қилинишига кўра, мазкур суд органининг ташкил этилиши хорижий инвесторларга халқаро умумий ҳуқуқ (common law) асосида Ўзбекистонда судга мурожаат қилиш имкониятини яратади. Бу эса мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга хизмат қилади.

Тошкент халқаро арбитраж маркази раҳбари Диана Байзакованинг таъкидлашича, янги суд органи инвесторларга ўз ҳуқуқларини турли механизмлар орқали ҳимоя қилиш имконини беради. Энди улар арбитраж, хўжалик суди ёки TICC орқали ўз даъволарини кўриб чиқтиришни танлаш имкониятига эга бўлади. Бу ҳолат Ўзбекистонда инвесторлар учун қулай ва ишончли ҳуқуқий муҳит яратилаётганидан далолат беради.

Ўзбекистоннинг етакчи ҳуқуқшуносларидан бири, Тошкент давлат юридик университети ректори Исломбек Рустамбеков, бу янгилик келгусида умумий ҳуқуқ тизимини яхши ўзлаштирган адвокатларга эҳтиёжни оширишини таъкидлаб ўтди. Шу боис, у мамлакат бундай кадрлар тайёрлашга ҳозирдан тайёргарлик кўриши кераклигини алоҳида қайд этди.

Мавжуд хўжалик судлари юклама жиҳатдан ҳаддан ташқари оғир шароитда ишлаяпти. Улар асосан ўзбек ва рус тилларида фаолият юритади, чет эл қонунчилиги билан ишлаш тажрибаси эса ҳозирча етарли эмас. Шунингдек, хорижий адвокатлар маҳаллий қонунлар ва лицензиялар билан боғлиқ талаблар туфайли мижозларни самарали ҳимоя қилиш имкониятига эга эмас.

Янги суд тизими, яъни TICC, ана шу муаммолар ечими сифатида кўрилмоқда. У нафақат инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда, балки мамлакатнинг бутун суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришда ҳам муҳим ҳуқуқий лаборатория вазифасини ўташи мумкинлиги қайд этилмоқда.

Ҳуқуқшунос мутахассислар фикрича, TICC нафақат ҳуқуқий амалиётни модернизациялашга, балки Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик таълими ва халқаро юристлар тайёрлаш тизимида янги босқични бошлашга туртки бўлади. Умуман олганда, бу ташаббус республикадаги инвестиция муҳитини халқаро стандартларга мослаштиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Янги суд тизими орқали чет эллик инвесторлар ўзларини ҳимояланган ҳис қилиши, инвестициялар оқими ортиши ва ҳуқуқий кафолатлар кучайиши кутилмоқда. TICCнинг ташкил этилиши Ўзбекистонни минтақада ҳуқуқий барқарорлик ва бизнес учун ишончли юрисдикция сифатида янада танитиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда Халқаро тижорат суди ташкил этилади