date

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда Си Цзиньпин билан музокара ўтказди

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда Си Цзиньпин билан музокара ўтказди
17 июн куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой халқ республикаси раиси Си Жинпинг Остона шаҳрида музокара ўтказди.

Икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон президентининг 2024 йил январ ойида Хитойга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда.

Барча даражаларда алоқалар ва алмашинувлар сезиларли фаоллашгани қайд этилди.

Ташқи ишлар вазирларининг стратегик мулоқоти йўлга қўйилди. Жорий йил июн ойи бошида Самарқанд шаҳрида иккинчи Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди.

Савдо-иқтисодий ва молиявий-инвестицион ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. 2024 йилда товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.

Мамлакатимиз ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда, BYD электромобилларини ишлаб чиқариш кенгаймоқда.

«Яшил» энергетика, нефт-газ, кимё, фармацевтика, металлургия, тоғ-кон, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қурилиш тармоқларида ҳамда логистика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. «Ипак йўли» жамғармаси билан инвестиция платформасини кенгайтириш режалаштирилган. Хитой Эксимбанки иштирокида пойтахтда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Тошкент шаҳрида ушбу банкнинг минтақавий филиали очилди.

Камбағалликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар «Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон» стратегик темирйўли қурилишини жадаллаштириш муҳимлигини ҳам қайд этишди.

Таълим, фан, туризм ва маданият, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларидаги алмашинувларни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Ўзбекистонда Хитойнинг Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги университетининг филиали фаолият кўрсатмоқда, Урганч университети негизида Пекин университети билан ҳамкорликда Халқаро математика маркази ташкил этилган.

Ўтган йили Конфуций институти фаолиятининг 20 йиллиги нишонланди, Хитойнинг «Лу Бан устахонаси» профессионал таълим тизими жорий этилмоқда.

Келгуси йилда икки мамлакатда маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш режалаштирилган.

Учрашувда халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. БМТ, ШҲТ, «Марказий Осиё - Хитой» формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Якунда етакчилар ҳузурида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисида баённома имзолангани эълон қилинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда Си Цзиньпин билан музокара ўтказди