
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни қурилиши жадал суръатда давом этаётган “Тошкент-Шарқий” аэропортида бўлиб, унинг техник ва инфратузилмавий имкониятлари билан танишди. Бу объект нафақат пойтахт, балки Янги Тошкент ва бутун Тошкент вилояти учун истиқболли ҳаво йўлларидан бирига айланмоқда.
Давлатимиз иқтисодиёти изчил ўсиши, хорижий сармоя ва сайёҳлар оқимининг кўпайиши транспорт инфратузилмасини мустаҳкамлашни талаб этмоқда. Шу мақсадда, юртимизда барча транспорт турларини модернизация қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Аэропортлар эса бу жараёнда стратегик аҳамиятга эга бўлган нуқта саналади.
Қайта қурилаётган “Тошкент-Шарқий” аэропорти ҳам ана шундай муҳим лойиҳалардан бири. Бу ерда 4 километрли учиш-қўниш йўлаги замонавий талаблар асосида янгиланиб, энг оғир ва катта самолётларни қабул қилиш имконига эга бўлди.
Шу билан бирга, юқори мартабали меҳмонлар ҳамда бизнес авиация учун мўлжалланган иккита алоҳида терминал, перронлар ва ёпиқ ангарлар қурилмоқда. Лойиҳа доирасида аэропорт ICAO III-А тоифасига мос, ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам самарали ишлайдиган замонавий радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади.
Самолётларнинг техник хизмат кўрсатуви учун қурилаётган ёпиқ ангарлар хавфсиз ва барқарор сақлаш шароитларини яратиб беради. Бундай имкониятлар нафақат миллий авиация салоҳиятини оширади, балки бизнес-туризмни ҳам рағбатлантиради.
Аэропортнинг қулай жойлашуви уни Янги Тошкент шаҳарсозлик лойиҳаси билан уйғунлаштириб, транспорт логистикасини янада самарали қилади. Шу орқали Тошкент вилоятининг сайёҳлик ва иқтисодий имкониятлари янада кенгаяди.
Президент Мирзиёев қурилиш ишларини жадаллаштириш, чет эллик инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратиш, ҳамда терминаллар дизайни ва хизмат сифатини халқаро мезонларга мослаштириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар