date

Шавкат Мирзиёев “Ҳисорак”да қурилган кичик ГЭСни кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев “Ҳисорак”да қурилган кичик ГЭСни кўздан кечирди
Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори яқинида барпо этилган Ҳисорак кичик гидроэлектр станциясини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ҳисорак сув омбори 1987 йилда қурилган бўлиб, 2004 йилда капитал реконструкция қилинган. Ҳудудда 2011 йилда ишга туширилган қуввати 45 МВт бўлган асосий Ҳисорак ГЭС ҳам мавжуд бўлиб, йилига 80 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса ўртача ҳисобда 33 минг хонадоннинг йиллик электр энергияси эҳтиёжини қоплайди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ҳисорак кичик ГЭС Шаҳрисабз туманида энергетик қуввати 3,5 МВтга тенг, йилига ўртача 17,5 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Унинг қурилиши тўлиқ маҳаллийлаштириш доирасида амалга оширилди. Лойиҳанинг қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этади. ГЭС фаолияти натижасида йилига ўртача 5 миллион метр куб табиий газ тежалади. Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергия 7 минг 300 та хонадонга етади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбарига дарё сувидан энергия олиш бўйича келгуси режалар ҳақида ахборот берилди. Энг муҳим лойиҳалардан бири — келгуси икки йил ичида умумий қуввати 12 МВт бўлган 416 та кинетик турбинали микро ГЭС қуриш режасидир. Бу микро ГЭСлар ариқ ва каналлардаги сув оқимидан самарали энергия ишлаб чиқариш имконини беради.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 49 МВт бўлган 3 та ГЭС фаолият юритмоқда. Истиқболдаги лойиҳалар туфайли бу кўрсаткич сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Гидроэнергетика орқали вилоятда аҳоли электр энергияси истеъмолининг 15 фоизини қоплаш мақсад қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Мамлакатда сўнгги саккиз йил ичида электр энергияси ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард кВт/соатга етди. Жорий йилда республика бўйлаб умумий қуввати 24,7 МВт бўлган 5 та янги кичик ГЭС фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев “Ҳисорак”да қурилган кичик ГЭСни кўздан кечирди