date

Иссиқхона учун янги қовун навлари яратилди — экспортбоп ва юқори ҳосилли

Иссиқхона учун янги қовун навлари яратилди — экспортбоп ва юқори ҳосилли
Ўзбекистонда аграр соҳадаги илмий изланишлар янги босқичга чиқмоқда — қовунчилик йўналишида юқори ҳосилдор, касалликларга бардошли ва экспорт салоҳиятига эга навлар яратилаётгани Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан маълум қилинди.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан амалга оширилаётган селецион ишлар замонавий ёндашувлар ва инновацион технологияларга асосланган. Улар иссиқхона шароитида етиштиришга мос бўлган Ф1 дурагайларини яратиш устида изланишлар олиб бормоқда.

Изланишлар доирасида 30 дан зиёд маҳаллий ва хорижий генетик коллекциялар, шунингдек, 10 га яқин селецион линиялар чуқур ўрганилмоқда. Энг истиқболли навлар иқлимга мослик, ҳосилдорлик ва бозордаги талаб даражаси асосида саралаб олинмоқда.

Таъкидланишича, иссиқхонада қовун етиштириш нафақат ердан самарали фойдаланишни, балки ҳосилдорликни 2 баробар ошириш имконини ҳам беради. Масалан, бир гектарга 10–12 минг кўчат жойлаштириш орқали 60 тоннагача сифатли ҳосил олиш мумкин.

Шу билан бирга, агар суғориш, ўғитлаш ва касалликларга қарши тадбирлар ўз вақтида амалга оширилса, маҳсулот сифатининг янада юқори бўлиши кафолатланади. Бу орқали аҳолини мавсумдан ташқари вақтда ҳам хуштаъм ва фойдали қовун маҳсулотлари билан таъминлаш имкони яратилади.

Бундан ташқари, иссиқхонада етиштирилган эрта ҳосил қовунлари ички бозорда рақобатбардош бўлиб, ташқи бозорларда ҳам катта талабга эга бўлиши кутилаяпти. Буларнинг барчаси қовунчилик соҳасини даромадли ва барқарор тармоққа айлантирмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда уруғ яратиш ва ген банкларини кенгайтириш учун 24 миллион доллар маблағ ажратилган. 2023 йилда эса ушбу институт олимлари томонидан "Тошкент эртаги" деб номланган янги картошка нави яратилганди — у ҳам иқлимимизга мос ва эртапишарлик хусусиятига эга.

Илмий тадқиқотлар натижасида яратилган навлар нафақат аграр соҳани ривожлантиришга, балки миллий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам улкан ҳисса бўлиб хизмат қилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Иссиқхона учун янги қовун навлари яратилди — экспортбоп ва юқори ҳосилли