date

Наманганда янги босқич: инвестициялар, янги иш ўринлари ва камбағалликка қарши дастурлар

Наманганда янги босқич: инвестициялар, янги иш ўринлари ва камбағалликка қарши дастурлар
Наманган вилоятидаги ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар янги суръатда давом этмоқда, деб хабар берди president.uz. Президент Шавкат Мирзиёев 7 июль куни ҳудудда олиб борилаётган ишлар, лойиҳалар ижроси ва улардан кутилаётган натижалар бўйича тақдимот билан танишди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, 2024 йил 2 декабрда қабул қилинган қарорга мувофиқ, Наманганни ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида аниқ чоралар белгиланган. Жорий йилда вилоятга 4,2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 1 миллиард долларлик экспортга эришиш, 323 мингта янги иш ўрни яратиш ва 55 минг оилани камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.

Бу йўлда асосий замин — кичик бизнес ва тадбиркорлик. Ҳудудда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи айнан шу соҳада ишлайди. Йил бошидан бери ҳудудга 1,6 миллиард долларга яқин инвестиция киритилган, аммо сармояларнинг катта қисми марказий туманлар ва Наманган шаҳрида тўпланган. Шу боис, чекка туманларда ҳам янги лойиҳаларга старт бериш ва экспорт турларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам катта натижаларга эришилмоқда. Янгиқўрғонда бир гектар ердан олинаётган даромад 20 минг доллардан ошиб, бошқа туманлар учун ҳам намуна бўлмоқда.

Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Ислоҳотлар штаби”нинг фаолияти туфайли ҳудудда яна 1 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилди. Йиғилишда янги имкониятлар тақдим этилди: жами 12 минг иш ўрни, бюджетга қўшимча 200 миллиард сўм тушум ва 160 миллион долларлик экспорт манбалари яратилади.

Янги лойиҳалар орасида Норин туманида аҳоли хонадонларида интенсив балиқ етиштириш ва Мингбулоқда ўрдакчиликни ривожлантириш дастурлари алоҳида ўрин тутади. Бу ташаббуслар нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки минглаб одамларга иш ўринлари яратиш имконини беради.

Вилоятда 55 минг киши ишсиз, 44 минг оила эса камбағалликда ҳаёт кечирмоқда. Президент бу муаммоларни ҳал қилиш учун янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини касбга йўналтириш ва ҳар бир хонадонда даромад манбаи яратиш бўйича топшириқлар берди. Шу билан бирга, ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида аниқ йўналишлар белгилаб берилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Наманганда янги босқич: инвестициялар, янги иш ўринлари ва камбағалликка қарши дастурлар