date

«Айдар-Арнасой» кўллар тизими қирғоғида туризм маркази барпо этилади

«Айдар-Арнасой» кўллар тизими қирғоғида туризм маркази барпо этилади
Шавкат Мирзиёев 22 июл куни Жиззах вилоятига ташрифи давомида амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Қайд қилинишича, ўтган олти ойда Жиззахда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида 200 та лойиҳа ишга тушди. Вилоятга 662 миллион доллар инвестиция кириб келди. Натижадорликни янада ошириш мақсадида Жиззах вилояти, Зомин туманида ҳам «Ислоҳотлар штаби» тузилди.

Хусусан, «ягона дарча» тамойили асосида қишлоқ хўжалиги хизматларини битта жойга жамлаган «Агромарказ» ташкил этилди. Ҳосилдорликни оширишга қаратилган янгича ёндашувлар вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига ижобий таъсир этиб, аҳолини кўпроқ даромад топишига имкон яратмоқда.

Жиззах вилояти картошкачиликни ривожлантиришга замин қилиб олинмоқда. Бугунги кунда Зомин илмий тажриба станциясида хорижий ва маҳаллий селекцияга мансуб 12 та нав бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилди.

Шунингдек, дуккакли экинлар экиш, Зарбдор туманидаги каналда насос станциялари ва магистрал қувурлар қуриш режалари белгиланган.

Таъкидланишича, Жиззахнинг «Айдар-Арнасой» кўллар тизими қирғоқ бўйида замонавий туризм маркази барпо этилади.

- Туманларга саноатни олиб кириб, одамларни ишли қилишга ҳаракат қиляпмиз. Илгари дашт бўлган жойларда замонавий корхоналар пайдо бўляпти. Одамларимиз ҳунаридан, томорқасидан ҳам даромад топаяпти. Лекин бу бугунги натижа. Янги авлод етишиб келяпти, ёшларимизнинг билими, талаби ошиб боряпти. Уларнинг ишлаши, яхши яшаши учун ҳозирдан замин яратишимиз керак. Агар имкониятлардан тўғри фойдаланилса, Зомин тумани ишсизликдан холи ҳудуд бўла олади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Кўкдала туманининг янги марказида санъат саройи, санъат мактаби, умумтаълим мактаби ва спорт мажмуаси ёнма-ён барпо этилмоқда. Давлат раҳбари бу болаларга қулай бўлишини таъкидлаб, келгуси лойиҳаларда шуни қўллаш зарурлигини айтган эди. Энди шу тажриба асосида Зомин туманида ҳам маданият саройи ва санъат мактаби қурилиши режалаштирилган. Маданият саройи 300 ўринли бўлиб, туман марказидаги 45 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади.

Мутасаддиларга ушбу режалар ижроси, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи бўйича топшириқлар берилди.

Шу билан президентнинг Жиззах вилоятига ташрифи якунланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Айдар-Арнасой» кўллар тизими қирғоғида туризм маркази барпо этилади