date

Жазирама туфайли аллергик реакциялар пайдо бўлишидан огоҳлантирилди

Жазирама туфайли аллергик реакциялар пайдо бўлишидан огоҳлантирилди
Ўзбекистон бўйлаб ҳафта давомида жуда иссиқ ҳаво сақланиб қолади. Ҳарорат +40…+43 даражагача, жанубда эса +45 даражагача кўтарилиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу муносабат билан қуёш нури таъсири, жумладан, аллергик реакциялардан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, юқори даражадаги ултрабинафша нурлари аллергик реакцияларни келтириб чиқариши билан хавфли. Бундай шароитда терининг қуёш нурига таъсирчанлиги ошади.

Шу туфайли фотодерматоз касаллиги юзага келиши мумкин. Яъни ултрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришиб, аллергик реакция пайдо қилиши эҳтимоли юқори.

Фотодерматоз кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ, куйиш кўринишидаги турли тошмалар, баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар юзага келиши билан намоён бўлади.

Тошмалар қуёш нури таъсир қила бошлаган илк соатлардан то бир ҳафта мобайнида ҳосил бўлади, дея қайд этди вазирлик. Бу хасталик аломатлари, одатда, муолажалардан сўнг йўқолади. Бироқ у сурункали тус олиши ҳам мумкин.

Шундай муаммолардан сақланиш учун, аввало, соат 10:00 дан 16:00 гача соя-салқин жойларда бўлиш тавсия этилади. Имкон қадар ёпиқроқ кийиниш зарур. Таъсирчан тери учун мўлжалланган қуёш нурига қарши кремлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Таъкидланишича, баъзи дорилар фотодерматозни келтириб чиқариши ёки хасталикни кучайтириши мумкин. Шу боис препаратни қўллашдан олдин кўрсатмаларни диққат билан ўқиш ёки шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

Шунингдек, Эритромицин, Тетрациклин ва Стрептомицин каби дорилар ултрафинафша нурларини тортиш хусусиятига эга. Ушбу малҳамларни қабул қилган ёки юз соҳаларига суртган беморларга иссиқ кунларда кундузи кўчага чиқиши тавсия этилмайди.

«Агар сизда фотодерматоз белгилари пайдо бўлса, Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилишингиз мумкин», – дейилади ССВ хабарида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Жазирама туфайли аллергик реакциялар пайдо бўлишидан огоҳлантирилди