Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан "Марказий Осиёда иқлим хавфини бошқариш" лойиҳаси доирасида англашув меморандумини имзолади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳа Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) томонидан молиялаштирилмоқда ва 2028 йилгача давом этади. Ҳамкорликнинг асосий мақсади — иқлим ва табиий офат хавфларини камайтириш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича илмий-амалий салоҳиятни оширишдан иборат.
Зарафшон дарёси ҳавзасида замонавий, ақлли томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилиб, қишлоқ хўжалиги модернизация қилинади. 2025 йилгача Навоий вилоятидаги 10 гектар ерда интенсив боғ барпо этилиши ва суғориш тизими йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Лойиҳа сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қурғоқчил йилларда ҳосилдорликни сақлаб қолиш, экологик мувозанатни таъминлаш, агросаноат самарадорлигини ошириш каби мақсадларни ўз ичига олади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур тажриба узоқ муддатда бошқа ҳудудларга ҳам намунавий тарзда татбиқ этилади.
Фото: Дунё