28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёевга Андижон вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва яқин келажакдаги режалар ҳақида батафсил ахборот берилди, деб хабар берди president.uz. Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 18 ноябрдаги қарорига мувофиқ, вилоятда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда Андижонга 3,1 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 1,5 миллиард долларлик экспортга эришиш, 305 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш, 32 мингдан зиёд оилани камбағалликдан чиқариш каби катта мақсадлар белгилаб қўйилган. Йил бошидан буён 1 миллиард долларлик янги ишлаб чиқариш қувватлари, 344 та савдо ва сервис маркази ишга тушган, яна 2,5 миллиард долларлик лойиҳалар бошланди.
Ўтган олти ойда 850 миллион доллар инвестиция киритилди, экспорт ҳажми эса 465 миллион долларни ташкил қилди. Апрель ойида давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи ва унда белгиланган янги вазифалар Андижоннинг ўсишига янада кучли туртки берди.
Яқинда илмий экспертлар ва фаол тадбиркорлар иштирокида "Ислоҳотлар штаби" ташкил этилди. Бу штаб томонидан иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга оид янги таклифлар ишлаб чиқилди ва ҳозирги тақдимотда уларнинг асосий йўналишлари ва самараси ҳақида ахборот берилди.
Мисол учун, 40 миллион долларлик инвестиция орқали Германия, Туркия ва Япониядан олиб келинадиган робот-технологиялар асосида инновацион клиника ташкил этиш, Италиядан 20 миллион евро сармоя орқали агрокластер, Германиядан 25 миллион евро жалб этиш орқали замонавий агрологистика мажмуаси барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, Хонобод шаҳри, Хўжаобод ва Булоқбошида туристик масканлар ташкил этиш бўйича 30 дан зиёд янги ташаббуслар билдирилган.
Жами 1 миллиард 100 миллион долларлик қўшимча лойиҳалар шакллантирилиб, улар натижасида 22 минг янги иш ўрни, 200 миллион долларлик қўшимча экспорт имконияти очилади. Президент ҳар бир шаҳар ва туманга индивидуал ёндашувни, лойиҳаларни инвестиция кам ҳудудларга тақсимлашни, ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларни ўқитиш ва ишга жойлаштириш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришга алоҳида кўрсатмалар берди.
Андижоннинг иқтисодий салоҳияти янада кенгаймоқда, янги инвестиция ва ривож йўллари эса аҳолининг турмуш сифати ва вилоятнинг нуфузини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!