Юртимизда инвестиция муҳити ва соҳа ривожи учун яна бир муҳим қадам ташланди, деб маълум қилди dunyo.info. Мамлакат элчихонасининг ташаббуси билан Исроилнинг нуфузли GCI Gemological Centers Ltd. компанияси ва Ўзбекистондаги Expert One МЧЖ ўртасида GCI Gemological Centers Uzbekistan геммология марказини ташкил этиш бўйича расмий шартнома имзоланди.
Янги марказ Тошкентда фаолият бошлаб, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар учун профессионал экспертиза хизматларини кўрсатади, уларни GCI халқаро стандартлари асосида сертификатлашни амалга оширади ҳамда геммология соҳасида замонавий таълим дастурларини жорий этади. Бу орқали юртимизда геммологик соҳадаги малакали кадрлар тайёрланишига, бозор иштирокчилари учун халқаро эътирофга эга сертификатлар олиш имкониятига кенг йўл очилади.
GCI Gemological Centers Ltd. бош менежери Йеҳуда Якар бу ташаббусни изоҳлар экан, Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, инвестиция муҳитида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ва инсон капиталига берилган эътиборни эътироф этди. Компания вакиллари сўзларига кўра, мамлакатдаги барқарор ривожланиш ва халқаро ишончни мустаҳкамлаш орқали ушбу лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шунингдек, марказ ташкил этилишида Исроилдаги "Янги Ўзбекистон" савдо-инвестиция уйи раҳбари Наргиза Қодированинг ташаббускорлиги алоҳида қайд этилди. 2024 йил август ойида ташкил этилган мазкур уй дипломатик миссия кўмагида йирик савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшиб келмоқда.
GCI Gemological Centers Ltd. бутун дунёда эътироф этилган, Исроилнинг нуфузли геммология марказларидан бири ҳисобланади. Компания қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларнинг ҳақиқийлигини баҳолаш, сертификатлаш ҳамда ушбу соҳада билим ва малака ошириш бўйича кенг қамровли хизматларни таклиф этади.
Янги марказнинг очилиши Ўзбекистон геммология бозорида халқаро стандартлар ва замонавий инновацияларни татбиқ қилиш, соҳада шаффофлик ва ишончни кучайтиришга йўналтирилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Махсус сертификатлаш тизими орқали маҳаллий бозор иштирокчилари ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшиги очилади.
Келгусида марказ фаолияти нафақат бозор иштирокчилари, балки геммология соҳасида таълим олувчи ёшлар учун ҳам янги билим ва малакалар манбаи бўлиши кутилмоқда. Бу эса, мамлакатимизда соҳа ривожи ва халқаро бозорларга интеграция учун яна бир муҳим туртки бўлади.
Фото: "Дунё" АА
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!