date

Энди «бешталик»даги олийгоҳларга киролмаган абитуриентга олтинчи имконият берилади

Энди «бешталик»даги олийгоҳларга киролмаган абитуриентга олтинчи имконият берилади

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар учун муҳим бўлган таълим соҳасида яна бир янги ва истиқболли ташаббусни эълон қилди. Давлат раҳбари таълим тизимида адолат ва тенг имкониятларни таъминлаш учун олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида янги йўл харитасини очиқлади.

Эндиликда абитуриентлар олий таълимга кириш жараёнида 5 та олий таълим муассасасини танлаш имкониятига эга бўлади. Бу эса юқори таълим соҳасида кескин бурилиш, катта қадам ва жиддий имконият, десак муболаға бўлмайди.

Президент таъкидлаганидек, “буни янада кенгайтириш ниятдамиз”. Яъни, бу тизим келажакда янада мукаммаллаштирилиши кўзда тутилмоқда. Янги тизим доирасида, агар абитуриент 5 та олийгоҳдан бирортасига тўғри келмаса, лекин унинг тўплаган балли бошқа олий таълим муассасасидаги бўш ўринга мос келса, ўша олийгоҳнинг ректори уни шартнома асосида қабул қилиш имконига эга бўлади.

Бу орқали давлат ва хусусий сектор ўртасида соғлом рақобат шаклланади, бу эса сифати юқори таълимни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Давлат раҳбари таълим муассасаларида ректорлар ваколатини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш зарурлигини ҳам таъкидлади. Янги тизим доирасида ректорлар ўзлари тайинлайдиган ўринбосарларнинг йиллик дастурларини олийгоҳ кенгашида ҳимоя қилдириши шарт бўлади.

Яна бир муҳим янгилик — Янги Ўзбекистон университетида қўлланаётган баҳолаш тизими эндиликда бошқа барча олийгоҳларда ҳам жорий этилади. Молиялаштириш, яъни давлат томонидан берилувчи маблағ миқдори эса ҳар бир университет тўплаган балл асосида амалга оширилади.

Ушбу балллар қандай аниқланади? Битирувчиларнинг ишга жойлашиш даражаси учун 40 балл, илмий тадқиқотлар ва маҳсулот сотуви учун 30 балл, халқаро журналлардаги мақолалар ва илмий салоҳият учун 20 балл, маҳаллий ва халқаро грантларни жалб этиш учун эса 10 балл берилади.

Масалан, Қарши техника университети агар 85 фоиз балл тўпласа, унга давлат томонидан ажратилган 78 миллиард сўм маблағдан ташқари, яна 20 фоиз қўшимча бонус берилади. Аммо агар у 56 фоиздан кам тўпласа, кейинги йилги маблағ камайтирилади.

Бунда ижтимоий йўналишдаги (масалан, Маданият, Консерватория) ва илмий олийгоҳлар (Миллий университет, Ирригация университети) махсус мезонлар асосида баҳоланиши, уларни техник муассасалар билан тенглаштириб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди.

Президент мутахассисларга рейтинг мезонларини ана шу фарқларни инобатга олган ҳолда қайта ишлаб чиқиш вазифасини юклатди.

Қолаверса, янги тартиб асосида битирувчиларни ишга жойлаштиришда “ўзини ўзи банд қилган” шахслар инобатга олинмайди.

Яна бир жиддий ташаббус — ректорлар ва проректорлар махсус тайёрлов курслари орқали етиштирилади. Бу борада энг яхши натижа кўрсатган номзодлар малака ошириш учун дунё миқёсидаги етакчи таълим маскани — Гарвард университетига юборилади.

Шунингдек, ректорларга суперконтракт миқдорини ўзлари табақалаштириб белгилаш, профессор-ўқитувчиларни штат бўйича эркин тақсимлаш, ўз бюджетини ўзи бошқариш каби мустақилликлар берилади.

Шу тариқа, Янги Ўзбекистон таълим тизимида жиддий ўзгаришлар бошланмоқда. Бу ислоҳотлар нафақат ёшлар, балки таълим муассасалари раҳбарлари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Энди «бешталик»даги олийгоҳларга киролмаган абитуриентга олтинчи имконият берилади