2025 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда меҳнатни назорат қилиш механизмига ўзгартиришлар киритилади. Бу президентнинг 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган.
Хусусан, давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар тўғрисида ваколатли органларни олдиндан хабардор қилиш мажбурияти бекор қилинади.
Бундан ташқари, тадбиркорларга хавф-хатарларни таҳлил қилиш тизими бўйича Меҳнат инспекцияси томонидан текширувларни бошлаш учун 10 кунлик огоҳлантириш талаби татбиқ этилмайди.
2026 йил 1 январдан бошлаб маъмурий жарималарни Ягона миллий меҳнат тизими орқали иш берувчи иштирокисиз, кейинчалик электрон маъмурий қарорлар чиқариш билан жўнатиш мумкин бўлади.
Фармонга кўра, норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчилар 30 БҲМ (12,36 млн сўм), ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган тақдирда эса 100 БҲМ (41,2 млн сўм) миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилиши кутилмоқда. Бандлик вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасига август ойига қадар Вазирлар маҳкамасига ушбу жазони жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!