«Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор билан «Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар» Концепцияси тасдиқланди.
Маҳаллаларда алоҳида ташкилий-профилактик тадбирлар ҳамда манзилли чоралар билан илмий-амалий ёндашувларни уйғунлаштирган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсиз муҳитни яратиш Концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.
Концепцияга кўра, туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ва прокурорнинг хизмат хонаси 2025 йил якунигача бевосита маҳаллада ташкил этилиб, кундалик ишининг бошланиши ва якуни айнан ўша ерда амалга оширилади.
Маҳаллаларда босқичма-босқич маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади.
Ижтимоий профилактика объектлари, айниқса, оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этувчи шахсларнинг (жанжалкаш ва низоли оилалар) ҳолидан мажбурий равишда камида ҳар 3 кунда хабар олиш амалиёти йўлга қўйилади.
Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида «маҳалла еттилиги» томонидан фуқаролар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи «маҳалла тарғиботчиси» жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади.
Маҳалладаги жамоат жойлари, кўп қаватли тураржой ва уйлар олдида «Ташвиш» тугмалари ўрнатилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!