Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга яна бир нуфузли ташриф амалга ошмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий таклифи асосида Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25–26 август кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи билан келиши белгиланган. Бу ташриф икки давлат муносабатлари тарихида янги саҳифа очиши кутилмоқда.
Олий мартабали меҳмоннинг асосий тадбирлари қадимий ва гўзал шаҳар — Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган. Самарқанднинг ўзгача сиёсий ва маданий рамзий аҳамияти ушбу ташрифни янада беқиёс қилади.
Расмий дастурда сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинади. Шунингдек, кимё, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, кончилик каби муҳим тармоқларда ўзаро қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масаласи кун тартибига киритилган. Маданий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, музокараларда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашиш кўзда тутилган. Бу жараён икки мамлакатнинг нафақат икки томонлама, балки кенг минтақавий ҳамкорликдаги роли ортиб бораётганини кўрсатади.
Музокаралар якунида бир қатор муҳим ҳужжатлар ва икки томонлама келишувлар имзоланиши режалаштирилган бўлиб, улар Ўзбекистон ва Иордания муносабатларини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Kенг жамоатчилик учун энг асосий жиҳат — бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириши ва янгидан-янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!