Иордания Подшоҳининг давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг «Ан-Наҳда» («Ренессанс») ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу мамлакатнинг олий мукофотини давлатимиз раҳбарига Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн шахсан топширди.
- Ушбу мукофотни кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг муносиб эътирофи, шунингдек, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва ҳурмат ифодаси сифатида катта мамнуният билан қабул қиламан, - деди Президент Мирзиёев.
Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва самарали музокаралар натижасида мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар янги шериклик даражасига кўтарилди.
Етакчилар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон етакчиси Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Иорданиянинг жадал ривожланишига, мамлакатнинг тинчликсевар ташқи сиёсатини амалга оширишга, халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ва таъсири юксалишига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Президентимиз ушбу юксак мукофот Ўзбекистон ва Иордания халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида муносиб ўрин эгаллашини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, Иордания халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!