date

Марказий Осиёда янги тарихий қадам: Афғонистон бўйича илк мулоқот ўтказилди

Марказий Осиёда янги тарихий қадам: Афғонистон бўйича илк мулоқот ўтказилди

Ўзбекистон ташаббуси билан 2025 йил 26 август куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакиллари иштирокида илк марта тарихий учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан расмий вакиллар қатнашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Мулоқот жараёнида алоқа гуруҳи Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий қизиқиш уйғотувчи масалалар бўйича мунтазам ва мақсадли фикр алмашиш имконини берадиган мустақил минтақавий платформа сифатида қаралди.

Таъкидланишича, Афғонистон масаласига нисбатан мустақил ва самарали ёндашувни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки Марказий Осиё ва Афғонистон геостратегик жиҳатдан ўзаро боғлиқ бўлиб, тарихий, маданий ва иқтисодий алоқаларга эга. Шу билан бирга, бутун Евросиёда барқарорлик, хавфсизлик ва ривожланишни таъминлашда умумий манфаатлар мавжуд.

Томонлар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун умумий, мувозанатли ва реалистик ёндашувларни ишлаб чиқишга интилишларини билдиришди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни қайта тиклаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Учрашув давомида иштирокчилар минтақа мамлакатларининг миллий манфаатлари ва устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда Афғонистоннинг ҳозирги амалдаги ҳокимияти билан мулоқот олиб бориш имкониятлари ҳақида ҳам фикр алмашишди. Шу билан бирга, трансчегаравий жиноятчилик, экстремизм ва терроризм, наркотик моддалар савдосига қарши кураш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига тўхталишди.

Томонлар Афғонистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги минтақавий аҳамиятини таъкидлашди. Шунингдек, алоқа гуруҳининг Афғонистон юзасидан фикр алмашиш, маслаҳатлашув ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришда барқарор платформа сифатида фаолият юритиши муҳим экани қайд этилди.

Музокаралар якунида иштирокчилар алоқа гуруҳи доимий равишда тўпланиб туриши, жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Консултатив учрашувлари доирасида мунтазам тарзда учрашувлар ўтказиб бориш мақсадга мувофиқлиги юзасидан келишиб олишди.

Шу тариқа, ушбу формат келгусида Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон масаласи бўйича мустақил ва масъулиятли позициясини мустаҳкамлашга, шунингдек, бутун минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Марказий Осиёда янги тарихий қадам: Афғонистон бўйича илк мулоқот ўтказилди