«Ўзгидромет» тарқатган маълумотларга кўра, сентябрь ойининг дастлабки ўн кунлиги мамлакатимизда қулай ҳарорат фонида асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво билан кечиши кутилмоқда.
Кечалари ва эрталабки вақтларда +15...+20 даража атрофидаги ҳаво тетиклантирувчи салқинликни ҳис эттиради. Кундуз кунлари эса қуёш нурлари таъсирида ҳарорат +35 даражагача, айрим кунларда эса +37 даражагача кўтарилиши мумкин.
Сентябрь ойи охиригача ҳарорат босқичма-босқич ўзгариб, кечалари +15...+20 дан +8...+13 даражагача пасайиши, кундуз кунлари эса +30...+35 дан +20...+25 даражагача тушиши тахмин қилинмоқда.
Ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида сақланиши, баъзи ҳудудларда эса меъёрдан 1–1,5 даражага юқори бўлиши кутилмоқда. Ойнинг иккинчи ярмида эса айрим кунларда (1–2 кун) қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.
Тарихий кузатувларга кўра, Ўзбекистонда энг совуқ сентябрь ойлари 1930 ва 1931 йилларда қайд этилган — ўша вақтларда ҳарорат меъёрдан 2–3,5 даража паст бўлган. Сўнгги ўн йилликда эса 1992 ва 1994 йилларда шундай ҳолат кузатилган. Энг илиқ сентябрь ойлари эса 2013, 2016, 2021 ва 2022 йилларда қайд этилган бўлиб, уларда ҳарорат меъёрдан 1,5–3,5 даражага юқори бўлган. Бу эса глобал исиш жараёнлари билан уйғун ҳолда кечган.
Мутахассислар таъкидлаганидек, сентябрь Ўзбекистонда йилнинг энг қуруқ ойларидан бири саналади. Одатда ой давомида ёмғир 1–3 марта ёғади, айрим йилларда эса бутун ҳудуд бўйлаб умуман ёмғир кузатилмаган. Бу асрда бундай аномал ҳолатлар 2007, 2021 ва 2022 йилларда қайд этилган.
Шу тариқа, сентябрь ойи нафақат салқин кечалар, балки қуёшли ва иссиқ кунлар билан ҳам эсда қолиши кутилмоқда. Мутасаддилар эса барчага ҳаво ўзгаришларига тайёр туришни ва об-ҳаво маълумотларини диққат билан кузатиб боришни тавсия қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!