Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкентда аҳоли учун арзон нархларда маҳсулот тақдим этиш мақсадида ташкил этилган махсус савдо ярмаркаларида назорат кучайтирилмоқда.
Маълумотга кўра, ҳокимлик ва прокуратура департаменти ташаббуси билан йирик бозорларда арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркалари йўлга қўйилган эди. Бироқ сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда айрим сотувчилар томонидан расмий эълон қилинган баҳолардан фарқли нархларда савдо қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолат эса аҳоли норозилигига сабаб бўлди.
Шунинг учун шаффофликни таъминлаш ва сунъий равишда нархларни оширишнинг олдини олиш мақсадида арзонлаштирилган маҳсулотлар сотиладиган расталарда кузатув камералари ўрнатиш ишлари бошланди.
Ҳозирча Миробод деҳқон бозори ҳамда “Эски Жува” (Чорсу) бозорида камералар ўрнатиш ишлари якунланган. Расмий маълумотга кўра, бу жараён босқичма-босқич давом эттирилади ва тез орада пойтахтнинг барча йирик бозорларидаги арзон ярмаркаларда ҳам тўлиқ камера назорати жорий этилади.
Шу тариқа, нархлар устидан қатъий назорат ўрнатилиши орқали савдода ошкоралик таъминланиши ва аҳоли учун мўлжалланган арзон маҳсулотларнинг ҳақиқатан ҳам белгиланган баҳоларда тақдим этилишига эришиш кўзда тутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!