date

Британия бозорига яна ўзбек қовун ва узумлари етказилди

Британия бозорига яна ўзбек қовун ва узумлари етказилди

Ўзбекистондан Буюк Британияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги тўплами йўл олди. Бу сафар юртимизнинг Exim Dried Fruits Imporve Group корхонаси 2 тонна қовун ва узумни Лондонда фаолият юритаётган Baykoos Foods Ltd компанияси буюртмаси асосида етказиб берди.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Британия бозорида тобора кенг танилиб, харидорлар орасида мазаси, юқори сифати ва рақобатбардошлиги билан алоҳида талабга эга бўлиб бормоқда.

2025 йилнинг дастлабки ярмида Ўзбекистондан Буюк Британияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти икки баробар ошгани эътиборли ҳолат сифатида қайд этилмоқда.

Бундай ютуққа эришишда жорий йил июнь ойида Лондонда илк бор ташкил этилган «Ўзбекистон маҳсулотлари» савдо кўргазмаси катта ўрин тутди. Ушбу тадбир давомида юртимизнинг 20 дан ортиқ етакчи экспортёр компаниялари вакиллари иштирок этиб, Лондоннинг йирик улгуржи бозорлари ҳамда мева-сабзавот импорти билан шуғулланувчи омборлар фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, тадбир чоғида британиялик йирик компаниялар билан дастлабки келишувларга эришилди.

Айни вақтда Ўзбекистондан Буюк Британияга 30 дан зиёд турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

Яқин келажакда британиялик истеъмолчилар столларида яна кўпроқ ўзбек маҳсулотлари пайдо бўлиши кутилмоқда.

Фото: Дунё

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Британия бозорига яна ўзбек қовун ва узумлари етказилди