Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев мамлакатнинг йирик IT компанияларидан бири — Basis Bay асосчиси ва директорлар кенгаши ижрочи раиси Праба Тхиагаражах билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Праба Тхиагаражах таъкидлашича, компанияси Малайзия ҳудудида ягона тўлиқ миллий резидент таъсислигидаги маълумотлар марказини (data center) барпо этган. Шу билан бирга, Осиё минтақасида илк бор 2009 йилда экологик жиҳатдан тоза ҳамда энергия тежамкор “яшил” маълумотлар маркази фаолиятини йўлга қўйгани билан ҳам алоҳида ажралиб туради.
Учрашувда Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўналишидаги саъй-ҳаракатлари, қулай географик жойлашуви ва салоҳияти ҳисобга олинган ҳолда, мамлакатимизда янги дата марказ қуриш ва бу соҳада сармоя жалб қилиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
— “Ўзбекистон ахборот технологиялари бозори ва маълумотлар маркази қурилиши истиқболларини чуқур ўрганиш мақсадида яқин кунларда мутахассисларимиздан иборат ишчи делегацияни Тошкентга юборишни режалаштирганмиз”, — деди Тхиагаражах.
Маълумот учун, Basis Bay компанияси 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, Малайзияда IT соҳасининг етакчи йўналишларидан бирига айланган. Асосий фаолияти маълумотлар марказлари (data centers) ва булутли (cloud) хизматларни тақдим этишга қаратилган. Ҳозирда компания Куала-Лумпур ва унинг атрофида тўртта йирик дата марказини бошқармоқда.
Фото: "Дунё" АА
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!