Президент таъкидлашича, сўнгги йилларда мактаб ўқувчилари орасида хорижий тил ва турли фанлар бўйича халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритаётганлар сони кескин кўпайган.
Агар 2016 йилгача бор-йўғи 2 минг нафар ўқувчи шундай ҳужжатга эга бўлган бўлса, ўтган йили фақат хорижий тиллар бўйича 150 минг нафар ёшлар халқаро сертификатга эга бўлгани қайд этилди. Эндиликда бу каби сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам расмий равишда эътироф этилиши маълум қилинди.
Президент ўз нутқида ёш авлоднинг намунавий ва фидойи вакилларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
— Бугунги тадбиримизда ёши кичик бўлишига қарамасдан, юзлаб ўғил-қизларимизга илҳом ва намуна бўлаётган когонлик қизимиз Биллура Икрамова ҳам қатнашмоқда. У топ-200 таликка кирадиган Буюк Британиянинг Рединг университетини муваффақиятли битириб, йирик ташкилотлардан келган таклифларни рад этди ва Ромитаннинг чекка қишлоғидаги мактабда инглиз тилидан сабоқ бермоқда, — деди Президент.
Шунингдек, Оксфорд университети докторанти Нодира Набиева эшитиш қобилияти чекланган ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиш бўйича янгича методика яратгани, ҳозирда Германия ва АҚШдаги нуфузли олийгоҳлар профессорлари бу усулдан фойдаланаётгани алоҳида қайд этилди.
— Энг катта ниятим ва орзум – таълимга янада катта эътибор қаратган ҳолда, бундай истеъдодли ҳамда садоқатли ёш муаллимлар сафини кенгайтириш. Шу мақсадда зарур бўлган ҳар қандай шароитни яратиб беришга тайёрман, — дея таъкидлади Президент.
Шу тариқа, мамлакат раҳбари таълимни миллий тараққиётнинг асосий устуни сифатида кўраётганини яна бир бор намоён қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!