date

Президент: мактаб – келажакнинг энг муҳим пойдевори

Президент: мактаб – келажакнинг энг муҳим пойдевори

Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президент Шавкат Мирзиёев соҳа вакиллари билан мулоқот ташкил этди. Учрашувга барча ҳудудлардан 40 мингдан зиёд педагоглар онлайн тарзда уланди.

– Халқимиз тақдири ва эртанги кун тақдири мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга билим бериш ва тарбиялашнинг энг узоқ, айни пайтда энг ҳал қилувчи босқичи бу – умумтаълим мактабларидир, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакат мактабларида 6,5 миллион ўқувчи таълим олмоқда. Жорий йилда 400 мингга яқин ўқувчи битирувчи сифатида мактаб билан хайрлашган бўлса, 720 минг нафар бола 1-синфга қадам қўйди. Шу боис, охирги саккиз йил ичида қарийб 500 та янги мактаб барпо этилди, мавжуд муассасалар кенгайтирилиб, қўшимча 1 миллион ўқувчи учун ўрин яратилди.

Хусусий таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар кузатилди. Давлат томонидан яратилган қулай шароитлар натижасида ота-оналар учун танлаш имконияти кенгайди. Бугунги кунда 200 мингдан зиёд ўқувчи хусусий мактабларда билим олмоқда.

Президент таъкидлаганидек, мактаб таълимида яна қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилади. Янги ўқув йилидан бошлаб 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий этилади. Бу орқали ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига кўра уларни касб-ҳунарга йўналтириш ёки олий таълимга тайёрлаш имконияти яратилади.

Шу йўсин, тахминан 400 минг нафар 9-синф битирувчиси техникумларга жалб этилади. Мактабда ўқишни давом эттириб, университетга кириш истагида бўлган ёшлар учун эса фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўқитилади.

Бир сўз билан айтганда, мактабдаги якуний имтиҳон натижалари келажак йўлини белгилайди. Битирувчилар хоҳласа техникумга, хоҳласа олийгоҳга қадам қўйиш имкониятига эга бўлади.

Шу тариқа, давлат раҳбари таълим тизимидаги ўзгаришлар ёшлар тақдири учун янги йўллар очишини таъкидлаб, педагогларнинг меҳнатини эътироф этди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент: мактаб – келажакнинг энг муҳим пойдевори