Президент Шавкат Мирзиёев бугунги учрашувда ёшларнинг келажакка тайёрланиши ҳақида тўхталиб ўтди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, янги авлод замон билан ҳамнафас бўлиши билан бирга, эртанги кун талабларига тайёр туриши шарт.
– Биз фарзандларимизни фақат замонга мослашган эмас, балки келажакка тайёр инсонлар қилиб тарбиялашимиз зарур. Унутмаслигимиз керакки, эртанги кун замонавий билимлар ва янгича касблар эгаси бўлган ёшларникидир, – деди Президент.
Маълумотларга кўра, мамлакат иқтисодиётига ҳар йили 30–35 миллиард доллар миқдорида инвестициялар кириб келмоқда. Бу маблағлар асосида минглаб корхоналар ишга туширилмоқда, натижада 250–300 минг атрофида юқори маошли иш ўринлари яратилмоқда. Ушбу имкониятлар энг аввало ёшлар учун янги иш жойи ҳисобланади. Бироқ бу жойларда ишлаш учун улар замонавий технологияларни ўзлаштиришлари, чет тилларини билишлари ва зарур кўникмаларга эга бўлишлари лозим.
2026 йил мамлакатда «Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили» сифатида белгиланди. Бу йўналишда Касбий таълим агентлиги ташкил этилмоқда. Агентликнинг асосий вазифаси – 598 та техникумда халқаро стандартларга мос муҳит яратиш ва янги дастурларни жорий қилишдан иборат бўлади.
Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Швейцария, Хитой, Корея, Британия каби мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг энг илғор дастурлари татбиқ этилади. Шунингдек, касбий кўникмаси бор исталган ёш хорижий малакани баҳолаш тизими орқали имтиҳон топшириб, халқаро сертификат олиш имконига эга бўлади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб Англиянинг «Пирсон» компанияси билан 14 та техникумда «БИТЕК» халқаро дастури амалга киритилди. Бу дастур асосида ёшлар туризм, тиббиёт, ахборот технологиялари, қурилиш, энергетика, логистика, машинасозлик, биотехнология ва креатив иқтисодиёт каби йўналишларда юқори талабга эга касбларни эгаллайдилар.
Келаси йил саноатда 45 миллиард доллар қийматига эга 456 та йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. «Инвестор – тармоқ – техникум» занжири асосида дуал таълим тизими жорий қилинади. Шунингдек, корхоналар билан ҳамкорликда замонавий устахоналарни яратиш учун танлов ўтказилиб, ғолибларга замонавий жиҳозлар тақдим этилади.
Мулоқотда дуал таълим қамровини беш баробарга ошириш режаси ҳам таъкидланди. Шу билан бирга, корхоналарни рағбатлантириш мақсадида 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилиб, дуал таълим орқали ишлаётган ўқувчилар учун ягона ижтимоий тўлов икки баробарга қисқартирилади.
Яна бир муҳим жиҳат – чет тилларига алоҳида эътибор қаратилиши. Техникумларда хорижий тил дарс соатлари тўрт баробар оширилади. Бу эса ёшларга янги технологияларни ўзлаштириш ва чет эл инвесторлари билан эркин мулоқот қилиш имконини беради.
Келгуси йилдан эса янги рақамли платформа ишга туширилади. Ушбу тизим орқали техникум битирувчиларининг малака ва кўникмалари ҳақидаги барча маълумотлар нафақат маҳаллий, балки хорижий иш берувчилар учун ҳам очиқ бўлади.
Шу тарзда, мамлакатда ёшларнинг келажак учун тайёргарлиги ва янги касбларни эгаллаш имкониятлари кенгаймоқда.