date

Янги Наманганда саноат зонасида янги имкониятлар очилмоқда

Янги Наманганда саноат зонасида янги имкониятлар очилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Янги Наманган туманида барпо этилган “Тараққиёт” саноат ва сервис зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Мамлакатимизда тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш, иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жойларда технопарк ва кичик саноат зоналари ташкил этилаётгани маълум. Наманганда бугунги кунга келиб 1,5 минг гектар майдонда жами 73 та саноат зонаси фаолият юритмоқда.

Ана шундай натижалар Янги Наманганнинг Соҳил маҳалласида ҳам ўз аксини топган. Илгарилари маҳаллий тадбиркор ва ҳунармандлар тор шароитда уйларда иш юритган бўлса, ҳозирда замонавий инфратузилмага эга яхлит майдонда фаолият кўрсатиш имкониятига эга бўлмоқда.

“Ғиждувон тажрибаси” асосида 10 гектар ерда ташкил этилган мазкур зонада 113 та йирик ва ўрта қувватли лойиҳа жойлаштирилган. Бюджет маблағлари ҳисобидан электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, ички йўллар каби барча зарур инфратузилма қурилиб, ишлаб чиқаришга қулайлик яратилган.

Натижада йилига 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Энг муҳими, 4 минг 800 та янги иш ўрни ташкил этилди. Қўшни маҳаллалардан 170 нафар тадбиркор жалб қилингани ва 350 дан зиёд хонадонда кооперация асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани аҳолининг иқтисодий фаоллигини сезиларли оширмоқда.

Шунингдек, бу ерда тайёр ускуналар ва амалиётдан фойдаланган ҳолда ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга қайта тайёрлаш имконияти ҳам бор. Бу эса ишсизлик ва камбағалликни камайтириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади.

Президент автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи сервис марказларини кўздан кечириб, маҳаллий усталар билан суҳбатлашди.

– Мамлакатимизда янги автомобиль заводлари ишга тушириляпти. Машиналар сони ошиб бормоқда, аммо сервис хизмати ҳали етарли эмас. Чет эл автомобиллари учун хизмат кўрсатиш тизимини ҳам йўлга қўйиш зарур. Бу орқали аҳоли бандлиги ва хизмат сифати ошади, – деди давлат раҳбари.

Шу боис, бундай сервис марказларини бошқа туманларда ҳам ташкил қилиш, малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёев маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тайёрлаётган мебеллар кўргазмаси билан ҳам танишди. Ёшларнинг тажриба орттириши, тадбиркорларнинг қўллаб-қувватланиши ва иш топиш имкониятлари ҳақида алоҳида кўрсатмалар берилди.

Мажмуада меҳнат шароити билан бир қаторда дам олиш, хавфсизлик ва инсон қадрини таъминлашга қаратилган замонавий ёндашувлар бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Шу ерда Наманганда шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши йўналишида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди. Бу ишлар аҳоли учун замонавий яшаш шароитини яратиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Янги Наманганда саноат зонасида янги имкониятлар очилмоқда