Юртимизда ҳуқуқий хизматларни рақамлаштириш жараёни тобора жадаллашмоқда. 9 сентябр куни имзоланган президент қарорига мувофиқ, 2027 йил сентябридан бошлаб кўчмас мулк алмашинуви, ижара шартномалари ва алимент тўловлари бўйича келишувларни онлайн тартибда тасдиқлаш имконияти яратилади.
Энг муҳим янгиликлардан бири — уй-жой сотиш ёки ҳадя қилиш шартномалари, шунингдек, айрим бошқа ҳуқуқий битимлар видеоалоқа орқали нотариус томонидан расмийлаштирилиши ҳисобланади. Бу фуқароларнинг вақт ва маблағини тежашга хизмат қилади.
Қарорда 2026 йилдан янги шахсни идентификация қилиш тизими ҳам жорий этилиши назарда тутилган. Яъни паспорт ёки ID-карта ўрнига шахсни Face-ID ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаш амалиёти кенг йўлга қўйилади. Шунингдек, шу йилнинг декабрь ойидан ишончномаларни масофадан туриб бекор қилиш ва ижро ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, 2026 йил июндан никоҳ шартномаси ва транспорт арендаси шартномаларини онлайн тарзда расмийлаштириш имкони пайдо бўлади. Декабрь ойига келиб эса мерос ва ипотека шартномаларини ҳам масофадан туриб тасдиқлаш имконияти яратилади.
2026 йил март ойида эса «E-Notarius» мобил иловаси ишга туширилиши режалаштирилган. Бу платформа орқали нотариуслар тузган ижро ҳужжатлари электрон ҳужжат айланмаси тизимига автоматик равишда интеграция қилинади. Шунингдек, йил охиригача барча нотариал идоралар юқори тезликдаги оптоволокон интернет билан таъминланиши белгиланган.
Алоҳида эътиборга молик жиҳат шундаки, маҳаллий коммунал хизматлар базалари билан ҳам интеграция амалга оширилади. Натижада уй-жой олди-сотдиси шартномаси тасдиқланган заҳоти мулкдор ҳақидаги маълумотлар автоматик янгиланади. Бу эса шаффофликни таъминлаш билан бирга, фуқароларнинг ҳаётини енгиллаштиради.
Мутахассислар фикрича, мазкур ислоҳотлар нотариал тизимда янги даврни бошлаб беради. Чунки рақамли ечимлар ҳуқуқий битимларни амалга оширишда қулайлик, тезкорлик ва ишончлиликни таъминлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!