date

Мирзиёев Наманганда балиқчилик, ижтимоий марказ ва насос станциясини кўздан кечирди

Мирзиёев Наманганда балиқчилик, ижтимоий марказ ва насос станциясини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига амалий ташрифи чоғида Норин туманида жойлашган «Фишвел Норин» балиқчилик корхонаси иш жараёнлари билан танишди.

Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа 3 миллион доллар инвестиция ҳисобига йўлга қўйилган. Икки гектардан зиёд ҳудудда жами 76 та замонавий ҳавза ташкил этилган бўлиб, улардан 40 таси ишга туширилган. Суперинтенсив усулда гулмоҳи балиғи парваришланмоқда. Корхона йил давомида 2 минг тонна сифатли гўшт етиштириб, 5 миллион долларлик экспортга чиқаришни мақсад қилган.

Давлат раҳбари мутасаддиларга республикада гулмоҳи етиштириш имконияти бўлган туманларни аниқлаш ва бу тизимни кенг йўлга қўйиш вазифасини топширди. Шунингдек, нидерландиялик ҳамкорлар билан биргаликда балиқ озуқаси ишлаб чиқариш, Нориндаги тик қудуқлар ёнида сунъий ҳавзалар барпо этиш ва уларни аҳолига тақсимлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида ташкил этилган «Фирдавс» кундузги парвариш маркази фаолиятини ҳам кўздан кечирди. Тадбиркор Сайёра Қосимова ташаббуси билан очилган бу муассаса 36 ўринга мўлжалланган бўлиб, махсус таълим ҳамда реабилитация хизматлари кўрсатади. Болалар учун 9 соатлик индивидуал ўқув дастурлари йўлга қўйилган. Машғулотларни тажрибали невропатолог, дефектолог, сурдолог, аудиолог, педагог ва психологлар олиб боради. Президентнинг таъкидлашича, ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслиги лозим, бундай ижтимоий лойиҳалар миқёси янада кенгайтирилади.

Шу ерда давлат раҳбари «Faol hayotga qadam besh xizmat» номли янги ташкил этилган марказни ҳам кўрди. Тадбиркор Хосият Ортиқова шахсий маблағлари ҳисобига барпо этган бу муассасада ногиронлиги бўлган шахслар учун замонавий қулайликлар, тиббий хизмат ва реабилитация дастурлари амалга оширилмоқда. Марказ 16 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳар куни 8 соатлик машғулотлар ўтказилади.

Шавкат Мирзиёев Чортоқ туманидаги «Айқирон-1» насос станциясида ҳам бўлди. Катта Наманган магистрал каналида жойлашган мазкур иншоот орқали 815 гектар ер суғорилади. Тадбиркорлар давлат-хусусий шериклик асосида бу ерга энергия тежовчи ускуналар ўрнатишган. Натижада электр сарфи 40 фоизгача қисқаргани билан бирга, сув чиқариш қуввати ҳам ошган.

Президент икки йил ичида «Айқирон-1» тажрибасини бутун вилоятдаги насос станцияларига татбиқ этиш ва кейинчалик мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам босқичма-босқич жорий қилиш вазифасини белгилади.

Бу ташриф доирасида амалга оширилган лойиҳалар нафақат иқтисодий самара, балки ижтимоий аҳамият ҳам касб этаётгани қайд этилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев Наманганда балиқчилик, ижтимоий марказ ва насос станциясини кўздан кечирди