Юртимизда мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга кўтариш бўйича муҳим қадам қўйилди. Президент томонидан қабул қилинган қарор асосида бу соҳада бир қатор янгиликлар амалга оширилади.
Ҳужжатга кўра, эндиликда «Баркамол авлод» республика болалар мактаби ҳамда Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида Республика «Келажак» маркази тузилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, пойтахт ва туман (шаҳар) даражасидаги «Баркамол авлод» мактаблари асосида «Келажак» марказлари ташкил қилинади.
Бундан ташқари, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари «Келажак» марказлари ҳузурида болалар учун махсус сайёҳлик базалари фаолият бошлайди.
Ушбу марказларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида самарали йўналиши учун “мактаб маслаҳатчиси” лавозими жорий этилади. Маслаҳатчи ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Унинг маоши умумий ўрта таълим муассасаси директорининг ўринбосари маошига тенглаштирилади. 2026 йил 1 сентябрдан менежерлик сертификатига эга бўлган маслаҳатчиларга эса қўшимча равишда ойликнинг 30 фоизига тенг устама тўланиши белгиланган.
Қарорга мувофиқ, «Келажак» марказларига бир қатор имкониятлар ҳам берилди. Жумладан:
-
шартнома асосида тажрибали мутахассислар ва нодавлат таълим муассасаларини жалб қилиб тўгараклар ташкил қилиш;
-
ота-оналар билан келишган ҳолда бадал тўловини республика бўйича белгиланган энг кам миқдордан юқори белгилаш.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан ота-оналар тўлайдиган минимал тўлов миқдори қайта кўриб чиқилади.
Марказлар контингент сонига кўра икки гуруҳга ажратилади: агар ўқувчилар сони 600 нафаргача бўлса – II гуруҳга, 601 нафар ва ундан кўп бўлса – I гуруҳга киритилади.
Қорақалпоғистон, вилоятлар, пойтахт ва туманлар даражасидаги «Келажак» марказлари иши қуйидагича йўлга қўйилади:
-
тўгараклар ягона дастур асосида босқичма-босқич ихтисослаштирилади;
-
инклюзив тўгаракларда фаолият юритадиган педагогларга ҳар ойда маошининг 30 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланади.
Шу тариқа, қабул қилинган қарор таълим тизимида янги даврни бошлаб бериши ва ёшлар имкониятларини янада кенгайтириши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!