Юртимизда таълим тизимида яна бир муҳим қадам ташланди — “Олмалиқ давлат техника институтини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори имзоланди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали негизида тўлақонли Олмалиқ давлат техника институти фаолияти йўлга қўйилади. Бу билан шаҳарда нафақат таълим сифати ошади, балки талабалар учун ҳам янги имкониятлар эшиги очилади.
Маълумотларга кўра, ҳозирда филиалда ўқишни давом эттираётган барча талабалар ўз таълим йўлини институтда давом эттиради. Шу билан бирга, 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига тўлиқ ҳуқуқли институт дипломи топширилади. Бу эса уларнинг келгуси фаолияти ва меҳнат бозоридаги имкониятларини янада кенгайтиради.
Шунингдек, институтнинг юқори курс талабалари ҳақ тўланадиган амалиётга жалб этилади. Бу орқали ёшлар назария билан бир қаторда амалий билим ва кўникмаларни ҳам ўрганиш имконига эга бўлади.
Янги таълим масканида геология, металлургия ва техника йўналишларига ихтисослашган илғор муҳандислик мактаби — “ГеоМетТех” ҳам ташкил этилади. Ушбу мактабга академик кўрсаткичлари юқори бўлган иқтидорли талабалар саралаб олиниб, амалиётга йўналтирилган махсус дастурлар асосида таълим олади.
Шу билан бирга, “ГеоМетТех” доирасида йўналишга мос саноат ҳамкорлари белгиланади. Улар билан ҳамкорликда замонавий лабораториялар ташкил қилиниб, талабаларнинг техник ва технологик билим олиш жараёнини янада самарали қилиш режалаштирилган.
Бу қарор Олмалиқдаги таълим тизими ривожига катта туртки бериши ва ёш муҳандислар авлодини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!