Лондон шаҳрида муҳим учрашув ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев, Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчи Равшан Усмонов ҳамда Британиянинг Меҳнат таъминотчилари уюшмаси (Association of Labour Providers – ALP) бош директори Дэвид Камп иштирок этган музокарада икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида ALP директори Дэвид Камп ўзининг таклифини билдирди: «Биз Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёрмиз. Ўзбек ёшларини Англия корхоналарида ишга жойлаштиришда кенг имкониятлар яратиш ниятдамиз», – деди у.
Музокараларда асосий эътибор Буюк Британиянинг мавсумий ишчилар дастурига қаратилди. Томонлар Ўзбекистон фуқаролари учун квоталар сонини ошириш, янги мавсумий операторлар билан келишувлар имзолаш ва ишга қабул жараёнларини хавфсиз ҳамда тизимли тарзда амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.
Маълумот учун, ALP — Буюк Британиянинг катта нуфузга эга ташкилотларидан бири бўлиб, мавсумий меҳнат, озиқ-овқат саноати, логистика ва ишчи кучини талаб қилувчи бошқа йирик тармоқларда фаолият юритади. Бугунги кунда унга 300 дан зиёд йирик компаниялар аъзо ҳисобланади.
Ушбу учрашув Ўзбекистон ёшлари учун янги имконият эшикларини очиши ва уларнинг Англияда муносиб меҳнат шароитида ишлашини таъминлаши кутилаяпти.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!