Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим қадам ташланди. Президент томонидан «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, энди БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида белгиланган қоидалар бажарилиши жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам фаол иштирок этади. Улар томонидан муқобил баҳолаш тизими йўлга қўйилиб, давлат органлари ишларига қўшимча мониторинг ўтказилади. Бу эса шаффофлик ва ҳисобдорликни янада кучайтиради.
Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар йили 1 апрелгача миллий кенгашга қатор таклиф ва ҳисоботлар тақдим қилиб боради. Жумладан, ННТлар амалга ошираётган лойиҳаларни давлат томонидан молиялаштириш масаласи, уларнинг тадқиқот ва ўрганишлари тўғрисидаги ахборот мунтазам тақдим этилади.
Қарорда яна бир муҳим ташаббус кўзда тутилган — Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, «Юксалиш» ҳаракати ва «Ижтимоий фикр» маркази ташаббуси билан «Коррупцияга қарши курашиш муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази» ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси аҳоли, айниқса ёшлар орасида ушбу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш ва илмий тадқиқотларни йўлга қўйишдан иборат бўлади.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур қарор коррупцияга қарши курашда фақат давлат органлари эмас, балки кенг жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини кучайтиради. Бу эса нафақат иллатга қарши самарали чораларни амалга ошириш, балки ёш авлод орасида ҳалоллик ва адолатлиликни ҳаётий қадрият сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!