Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Янги ҳужжат қишлоқ ерларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, уларда объектлар жойлаштириш тартибини аниқ белгилашга қаратилган.
Амалдаги Ер кодексида қайд этилганидек, қишлоқ хўжалиги ерлари фойдаланиш турига кўра қишлоқ хўжалиги ерлари ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ерларга бўлинади. Шунингдек, улар сув билан таъминланиш даражасига кўра суғориладиган ва суғорилмайдиган ерларга ажратилади.
Қарорга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғорилмайдиган ерларда ички хўжалик ер тузиш лойиҳаси асосида ердан рухсат этилган мақсадга мос келувчи объектлар жойлаштирилиши мумкин. Бу каби ерларда қурилиш ишлари олиб боришдан олдин, ариза берувчининг ижара ҳуқуқи мавжудлиги, ер участкасининг умумий майдони, шунингдек, ундаги суғориладиган ва суғорилмайдиган ерлар майдони махсус ахборот тизимлари орқали текширилади.
Шу билан бирга, енгил қурилмалар ва вақтинча иншоотларни жойлаштиришга қаратилган ер тузиш лойиҳалари туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланса, капитал қурилиш объектларига оид лойиҳалар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ва пойтахт ҳокимлари томонидан маъқулланади.
Мазкур қарорда муҳим жиҳат сифатида объектлар қурилган қишлоқ ерлари алоҳида участкага бўлинмаслиги ва уларни сотиш тақиқланиши белгиланди. Фақат ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда ижара ҳуқуқини объект билан бирга бошқа шахсга ўтказиш ёки қайта ижара беришга рухсат берилади.
Чорвачилик учун ижарага берилган ерларда 1 гектардан ошмаган, бироқ контур майдонининг 1%идан кўп бўлмаган ҳудудда қишлоқ хўжалигига хизмат қилувчи объектлар жойлаштириш мумкин. Чорвачиликка алоқаси бўлмаган ерларда эса иссиқхоналар, совитиш омборлари, саралаш ва қадоқлаш комплекслари, сув тежайдиган технологиялар ёки ҳовузлар қуриш учун рухсат этилган майдон 20 гектардан ошмаслиги, шу билан бирга ижара контури майдонининг 1%идан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Қарор, шу тариқа, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланишни таъминлаб, уларнинг мақсадсиз ишлатилишини чеклашга, ҳамда соҳада шаффоф ва тизимли тартиб ўрнатишга хизмат қилиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!