date

Мирзиёев яна БМТ минбарида: АҚШ сафаридан асосий уч мақсад нима?

Мирзиёев яна БМТ минбарида: АҚШ сафаридан асосий уч мақсад нима?

Ҳар йилгидек, сентябрь ойининг учинчи ҳафтасида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси бошланди. Бу – 80-сессия. Бу сессия тарихда қолади. Сабаби глобал сиёсатдаги тебранишлар, тирашувлар ва Фаластин борасидаги позициялар. Лекин бу сессия Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятли. Бунинг сабаблари бир қанча. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz’даги колонкасида шулар ҳақида сўз юритади.

Бу сессияда Ўзбекистон номидан давлат раҳбари, президент Мирзиёев иштирок этмоқда.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда БМТ, унинг Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгаши – глобал даражадаги дипломатик, ғоявий ва сиёсий баҳс-мунозараларнинг, тирашув ва курашувларнинг маркази бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бу ер дунё афкор оммасини ўзига ишонтириш, ўзининг қарашлари ва эътирозларини билдириш учун асосий макон сифатида кўрилади. Шунинг учун БМТ, бир томондан зерикарли ва расмий баёнотлар макони сифатида кўрилса-да, иккинчи томондан, энг асосий кураш – ғоялар кураши айнан мана шу ерда кечади. Шунинг учун дунё давлатлари раҳбарлари кўпинча шахсан ўзлари БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида иштирок этиб, дунёга ўз қарашлари, ғоялари, манфаатлари ва лойиҳалари ҳақида баёнотлар беришади.

Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг Нью-Йоркка ташрифини уч қисмга бўлиш мумкин.

Биринчи қисм – АҚШдаги йирик корпорациялар, компаниялар, банклар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан умумий ва яккама-якка учрашувлар. Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси сессияси бошлангунига қадар, вақтдан унумли фойдаланиб, Нью-Йорк шаҳрида Blackrock инвестицион компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарув директори Абедайо Орунелис билан, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан, Citigroup корпорацияси раиси Жон Дуган билан, қолаверса, NASDAQ, Boeing, Oppenheimer Holdings ва бошқа яна ўнлаб жуда қудратли корпорациялар, компаниялар раҳбарлари билан учрашиб, Ўзбекистонга сармоя киритиш ёки Ўзбекистон билан ҳамкорликда лойиҳалар қилишга чорлади. Бу, бир томондан кўплаб давлатлар учун оддий кўриниши мумкин бўлган ҳолат. Лекин қудратли компанияларнинг қизиқиши шунчаки дипломатик протоколдан кўра юқорироқ турувчи ҳолат ҳисобланади. Чунки бу компаниялар ўзларининг реал манфаатларидан келиб чиқиб, давлатларга қизиқишади, уларнинг раҳбарлари билан учрашишади. Табиийки, учрашув – реал ҳаётга кўчадиган кафолатланган лойиҳа эмас. Танишув учрашувларидан то ҳамкорликдаги лойиҳалар қилингунга қадар катта масофа бор. Лекин бу томонларнинг қизиқишига, интилувчанлигига ва манфаатларига боғлиқ. Ўзбекистон халқаро иқтисодий гигантлар билан ҳамкорлик қилиш борасида кўпчиликда кўринмайдиган интилувчанлик кўрсатмоқда. Ва бунинг самараси давлатнинг халқаро даражадаги алоқалари, қўшма лойиҳалар ёки соф хорижий сармояларда кўринади.

Иккинчи қисм президентнинг Нью-Йоркка сафаридаги асосий мақсад ҳисобланиб, бу президентнинг Бош Ассамблеядаги чиқишидир. Президент Мирзиёев Бош Ассамблея сессиясининг биринчи кунидаёқ чиқиш қилиб, Ўзбекистоннинг ички сиёсати, Марказий Осиё минтақасидаги ўзгаришлар ҳақида ҳамда глобал майдондаги асосий зиддиятлар борасида Ўзбекистон позициясини билдирди.

Жумладан, 2017 йилда бошлаган ислоҳотлар сиёсатидан воз кечмаслиги алоҳида урғуланди. Бу – дунё ҳамжамияти учун муҳим сигнал. Бу каби мессейжлар қанчалик кўп ва онгли такрорланса, расмий Тошкентга бўлган ишонч шунча мустаҳкамланади. Чунки яқин ўтмишдаги давлат репутацияси шундай урғулашни тақозо қилади. Қолаверса, Ўзбекистонда умумий ва олий таълим борасидаги давлат сиёсати, хотин-қизларга имкониятлар яратиш нуқтайи назаридан олиб борилаётган давлат сиёсати, ҳуқуқий давлатчилик борасида ҳам тўхталиб ўтилди. Президент Мирзиёев кейинги саккиз йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида мутлақ янги сиёсий муҳит пайдо бўлганлигини алоҳида урғулади. Бугун минтақа давлатлари ўртасида чегара муаммолари, яширинча ва ошкора тирашувлар мавжуд эмас. Минтақада аксарият масалалар борасида якдиллик ва ҳамкорлик устувор. Шунингдек, президент “Афғонистон яккаланиб қолишига йўл қўймаслик муҳим” дея, Афғонистонда транспорт-логистика лойиҳаларини ривожлантириш мақсадида БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқди.

Фаластин борасида президент, ҳар доимгидек, “икки халқ учун – икки давлат” концепциясини такрорлади. Ўзбекистон йилларки Фаластин давлати ташкил топмас экан, бу минтақада мустаҳкам ва барқарор тинчлик бўлмаслигини урғулаб келади.

Украина уруши борасида ҳам Ўзбекистон ўзининг қарашларини яна бир бор дунё ҳамжамиятига эслатди: бу уруш сиёсий-дипломатик йўллар билан тезроқ тўхтатилса, инсонларнинг қурбон бўлишига чек қўйилган бўлар эди.

Учинчи қисм – бу Бош Ассамблеяда иштирок этиш учун келган бошқа давлат раҳбарлари билан шу пайтгача шаклланган муносабатларни мустаҳкамлаш ва қолган давлатлар билан алоқаларни кучайтириш учун қулай фурсат ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон президенти БМТ майдонида кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан кўришиб, Ўзбекистон манфаатларини олдинга суриш билан шуғулланди.

Бир қарашда нормал жараён. Ҳеч қандай ғайриоддий ҳолат йўқдек. Бироқ Ўзбекистон учун эмас. Маълум бир давр бўлдики, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятидан қаттиқ иҳоталанган, давлатнинг халқаро мақоми жуда паст даражага тушиб қолган эди. Бугун Ўзбекистон давлат раҳбарининг халқаро иқтисодий гигант компаниялар билан, халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан, қудратли ва салоҳиятли давлатлар раҳбарлари билан муттасил учрашиб, Ўзбекистон билан муштарак манфаатлар ҳақида гаплашиши – кейинги саккиз йилда эришилган репутацион ўзгаришнинг, трансформациянинг реал ифодаси ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев яна БМТ минбарида: АҚШ сафаридан асосий уч мақсад нима?