Ўзбекистонда табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини янада ривожлантириш йўналишида янги қарор қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамаси тегишли ҳужжат билан Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг бир қатор филиаллари ташкил этилишини белгилади.
Қарорга кўра, 2025 йилда бир неча филиаллар очилиши режалаштирилган. Шунингдек, 2026–2027 йилларда янги филиалларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.
Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино мактаби табиий фанлар бўйича бош мактаб сифатида белгиланган. Унинг филиаллари ҳам ягона стандарт асосида ташкил этилиб, ўқувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилади.
Филиалларга қабул 7-синфдан бошланади. Бир синфда энг кўпида 24 нафар ўқувчи ўқиши мумкин бўлиб, қабул квоталари ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан белгиланади.
Шунингдек, филиалларда ўқувчилар турар жой билан таъминланади ҳамда махсус тартибда аутсорсинг асосида бепул соғлом овқатланиш тизими йўлга қўйилади.
Қурилиш ва реконструкция ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда 2026–2027 йилларда амалга оширилади.
Янги филиаллар нафақат таълим сифатини оширишга, балки иқтидорли ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!