Вазирлар Маҳкамаси “олий ва касбий таълим битирувчиларининг амалиёт ўташи ҳамда ишга жойлаштириш тизимини рақамлаштириш” бўйича қарор қабул қилди. Унга мувофиқ, президент топшириғи асосида амалиёт, малака ошириш ва ишга қабул қилиш жараёнлари қоғозбозликсиз, соддалаштирилган тарзда электрон шаклга ўтказилади.
Янги низомга кўра:
амалиётга йўналтириш ва ишга жойлаштириш махсус электрон платформа орқали амалга оширилади;
битирувчи амалиётини ташкил этиш бўйича шартномалар платформанинг ўзида рўйхатдан ўтказилади;
ишга жойлашиш натижаларини мониторинг қилиш учун платформа “Ягона миллий меҳнат тизими” билан интеграция қилинади.
Электрон майдончани Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази ишлаб чиқади.
Нима ўзгаради?
Талабалар ва битирувчилар: амалиёт жойига ариза юбориш, жавоб олиш ва шартномани рўйхатдан ўтказишнинг барча босқичлари битта платформадан туриб амалга оширилади.
ОТМ ва коллеж/техникумлар: ҳар йили якуний давлат аттестацияси натижалари асосида битирувчилар ҳақидаги маълумотларни платформага киритади; шу орқали битирувчилар бандлигини онлайн кузатади.
Корхона ва ташкилотлар: ҳар ойнинг 25-санасигача талаб қилинаётган кадрлар ва вакант лавозимлар рўйхатини тизимга жойлаштиради.
Шунингдек, таълим ташкилотлари ҳар йил август ойида “Электрон ҳукумат”нинг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ишга жойлашган битирувчилар бўйича маълумотларни киритиб боради.
Кутилган самара
Янги тартиб амалиёт ва ишга жойлашиш жараёнларини шаффоф, тезкор ва қоғозсиз қилади. Битирувчи – амалиёт, таълим ташкилоти – мониторинг, иш берувчи эса кадр излашда бир хил маълумотлар базасидан фойдаланади. Бу эса такрорий маълумот киритиш, сунъий ҳисобот ва узилишларнинг олдини олади.
Қисқаси, битирувчилар учун амалиётдан ишгача бўлган йўл эндиликда бир дарча, бир платформа орқали юзага чиқади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!