date

Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонга ташриф буюрди (фото)

Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонга ташриф буюрди (фото)

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг ёзишича, Нукус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиника ва 3 та жамоат масканида аҳоли диагностикадан ўтказилмоқда.

Шунингдек, беморларни йўналтириш ва рақамлаштириш тизими жорий этилмоқда.

Шифокорларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ва AI TOP-3 CDSS, MuxlisaMED AI, AI Mammo сингари сунъий интеллект ечимлари жорий этилиши натижасида янада тезкор ва аниқ тиббий ёрдам кўрсатиш имкони яратилмоқда.

Атиги тўрт кун ичида қарийб 12 минг нафар фуқаро кўрикдан ўтди, шулардан 1 700 дан ортиғи чуқур текширувлардан ўтказилди, 116 нафари эса даволанишга йўналтирилди.

"Шунингдек, Қорақалпоғистон тиббиёт институти болалар жарроҳлиги бўлимида мураккаб операцияларни бошдан кечирган кичик беморлар билан учрашиб, суҳбатлашдик. Уларнинг матонати ва самимий табассумлари беихтиёр ҳар биримизни таъсирлантирди", деди у.

Иккита янги лойиҳа ишга туширилди — рақамли оилавий паспортни жорий этишга асосланган «Оилавий саломатлик мактаби» ҳамда ёшлар кўмагида аҳоли тиббий саводхонлигини оширишни кўзда тутувчи «Саломатлик волонтёрлари» шулар жумласидан.

"Соғлиқни сақлашни замон талабларига мос ҳамда ҳар бир инсон учун қулай ва фойдали тизимга айлантиришни мақсад қилган «Тиббиёт новаторлари» жамоасидаги ёш мутахассисларга миннатдорлик билдираман. Миллат саломатлиги — бу барчамиз елкама-елка босиб ўтадиган умумий йўлимиз ва масъулиятимиздир", дейди Саида Мирзиёева.


Фото: Telegram / Саида Мирзиёева

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонга ташриф буюрди (фото)