Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Meta компанияси (Facebook, Instagram, WhatsApp, Threads) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Муҳокама чоғида Ўзбекистонда Meta ваколатхонасини очиш истиқболлари, рекламани илгари суриш ва компания платформаларида жойлаштиришда фирибгарликнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, контентни монетизация қилиш ва мамлакатдаги рақамли контент яратувчиларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Meta вакиллари орасида Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари учун сиёсат бўйича директор Сарим Азиз, Марказий Осиё, Мўғулистон, Шри-Ланка ва Малдив ороллари учун сиёсат бўйича раҳбар Сенура Абейвардена, Марказий Осиё, Ҳонконг ва Тайван бўйича ҳукумат билан алоқалар ва ижтимоий ташаббуслар бўйича раҳбар Аурора Ли, Марказий Осиё ва Мўғулистон учун сиёсат бўйича минтақавий менежер Ерасил Калихан бор эди.
Томонлар рақамли платформаларни тартибга солиш, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ва адолатли монетизация тизимини ривожлантириш бўйича тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ва тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди. Рақамли хавфсизлик, реклама шаффофлиги, масъулиятли рақамли хулқ-атворни тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ва ҳамкорликнинг муайян йўналишларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!