Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни амалий ташриф билан Тожикистон пойтахти Душанбега етиб борди. Душанбе халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ва бир қатор расмийлар самимий кутиб олди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон етакчиси “Марказий Осиё — Россия” форматининг иккинчи саммитида, шунингдек, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Кун тартибида минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика йўлаклари, сув-энергетика, саноат кооперацияси, хавфсизлик ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Саммитлар доирасида икки ва кўп томонлама мулоқотлар ўтказилиши, амалий ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама этилиши кутилаётгани маълум қилинмоқда. Ташриф минтақада тинчлик, барқарор ривожланиш ва очиқ иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан эътиборга молик.