date

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда тинчлик учун ҳамкорликка чақирди

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда тинчлик учун ҳамкорликка чақирди

Президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни Тожикистон пойтахти — Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Йиғилиш доирасида мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва долзарб минтақавий масалалар муҳокама қилинди.

Дастлабки нутқида давлат раҳбари глобал сиёсат ва иқтисодиётдаги ноаниқ жараёнларга қарамасдан, МДҲ ташкилоти ўзининг барқарорлиги ва самарадорлигини сақлаб қолаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, халқаро институтлар нуфузи сўнаётган бу даврда Ҳамдўстлик дунё сиёсий майдонида ўзига хос ўрнига эга бўлиб қолмоқда.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Президент ташқи ишлар идоралари ва махсус хизматлар ўртасидаги яқин ҳамкорликни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлаб, бу борада тизимли мулоқот муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.

Давлат раҳбари Афғонистондаги ҳолатни ҳам тилга олиб, минтақавий барқарорлик учун мазкур мамлакатдаги вазиятга эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди.

– Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлайман. Шу муносабат билан ушбу мамлакатда йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда биргаликда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз, – деди Мирзиёев.

Йиғилиш якунида Президент Шавкат Мирзиёев Сергей Лебедевнинг МДҲ Бош котиби лавозимида қолишини қўллаб-қувватлади ҳамда Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни ташкилотга раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади.

Душанбе саммитида Ҳамдўстликка аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари ҳам нутқ сўзладилар. Йиғилиш сўнгги қисмида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор келишувлар ва муҳим қарорлар имзоланди.

Саммит ўз навбатида минтақадаги давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш сари муҳим қадам бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Афғонистонда тинчлик учун ҳамкорликка чақирди