date

Саида Мирзиёева “Инсоний биродарлик” мукофоти ҳакамлар ҳайъатида иштирок этди

Саида Мирзиёева “Инсоний биродарлик” мукофоти ҳакамлар ҳайъатида иштирок этди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Шайх Зайд номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг илк йиғилишида қатнашди. Бу ҳақда у ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“Дунё бўйлаб одамлар орасида ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатлик ва ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу муҳим ташаббусда иштирок этиш мен учун катта шараф. Ҳакамлар ҳайъати ўз саъй-ҳаракатлари билан адолатли ва меҳр-шафқатли дунё сари йўл очаётган инсонларни эътироф этиш мақсадида бирлашмоқда. Ишончим комилки, олдинда бизни муҳим ва илҳомбахш йўл кутмоқда”, — деб ёзди Мирзиёева.

Маълумот учун, Шайх Зайд бин Султон Ол Наҳаён шарафига таъсис этилган “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти илк бор 2019 йилда жорий этилган. У ҳар йили 4 феврал — Халқаро инсон биродарлиги кунида топширилади. Лауреатлар 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мукофот билан тақдирланади.

Мукофот инсонлар ўртасида биродарлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, тинчлик, инсонпарварлик ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришда улкан ҳисса қўшган шахслар ва ташкилотларни эътироф этишни мақсад қилади.

Мутахассислар фикрича, Саида Мирзиёеванинг ҳакамлар ҳайъатидаги иштироки Ўзбекистоннинг глобал инсонпарвар ташаббуслардаги нуфузини янада мустаҳкамлайди. Бу орқали мамлакат халқаро мулоқот ва тинчлик маданиятини қўллаб-қувватлашда фаол рол ўйнашини кўрсатмоқда.

Шу билан, “Инсоний биродарлик” мукофоти нафақат халқаро ҳамжиҳатлик рамзи, балки инсониятни яхшилик ва тинчлик сари чорловчи муҳим платформа сифатида тобора аҳамият касб этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Саида Мирзиёева “Инсоний биродарлик” мукофоти ҳакамлар ҳайъатида иштирок этди