date

Ўзбекистонда сохта қўнғироқларга қарши тизим ишга тушди

Ўзбекистонда сохта қўнғироқларга қарши тизим ишга тушди

Телефон орқали фирибгарлик ҳолатлари кўпайган бир пайтда янги технология уларга қарши кучли ҳимоя вазифасини бажармоқда. Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси билан анти-спуфинг тизими ишга туширилди, деб хабар берди Beeline 17 октябр куни, орадан тўрт кун ўтиб Mobiuz ҳам ушбу янгилик ҳақида маълумот берди.

Янги тизимнинг асосий вазифаси — қўнғироқ рақамининг ҳақиқийлигини текшириш. Агар халқаро қўнғироқ аслида хориждан бўлиб, лекин маҳаллий рақам (+998 префикси) орқали яширилган бўлса, система уни реал вақтда аниқлайди ва автоматик равишда блоклайди. Бу фирибгарларнинг кўп йиллардан бери қўллаб келаётган схемаларига қарши самарали ечим бўлди.

Beeline’нинг маълумот беришича, фирибгарлар кўпинча хориждан қўнғироқ қилиб, ўзларини маҳаллий абонент сифатида кўрсатишга уринишади. Масалан, улар стационар рақам ёки Ўзбекистон мобил операторларидан бири номидан қўнғироқ қилаётгандек бўлиб чиқишади. Анти-спуфинг тизими эса бундай мос келмасликни аниқлаб, қўнғироқни йўлдан тўсади.

Бу жараёнда система SIM-карта қайси тармоқда рўйхатдан ўтганини текширади. Агар қўнғироқ хорижий тармоқ орқали амалга оширилаётган бўлса, аммо рақам маҳаллий кўринишда бўлса — тизим қўнғироқни блоклайди. Яъни, фирибгарнинг “маска”си фош этилади.

Mobiuz’нинг маълум қилишича, компания бу технологияни 2025 йил сентябрь ойидан бошлаб амалга жорий этган. Бир ой давомида анти-спуфинг тизими минглаб шубҳали қўнғироқларни тўсиб, абонентларни эҳтимолий фирибдан асради. “Энг муҳими, бу хизмат автоматик равишда ва бепул фаоллаштирилган. Фойдаланувчидан ҳеч қандай ҳаракат талаб этилмайди”, — дейилади компания хабарида.

Янги тизим нафақат абонентларнинг хавфсизлигини таъминлайди, балки рақамли муҳитда ишончни мустаҳкамлайди. Мутахассислар таъкидлашича, бу лойиҳа рақамли хавфсизликни оширишда муҳим қадам бўлиб, келгусида барча алоқа операторлари тизимида ҳам тўлиқ интеграция қилиниши кутилмоқда.

Шундай қилиб, анти-спуфинг технологияси телефон орқали фирибгарликка қарши ҳақиқий “қалқон”га айланмоқда — замонавий технологиялар фойдаланувчини фирибдан эмас, тинчликдан баҳраманд этиш учун хизмат қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда сохта қўнғироқларга қарши тизим ишга тушди