
Президент Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни Сербия президенти Александр Вучич билан музокара ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари Сербия етакчисини самимий қутлар экан, ҳамкорлик давридаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга бўлишини ва Ўзбекистон – Сербия муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишини таъкидлади.

– Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда расмий ташрифингиз тарихий воқеадир. Ўзбекистонда Сербияга катта хайрихоҳлик билан қарашади. Халқларимизни мустаҳкам дўстлик ришталари ва ўхшаш менталитет боғлаб туради, – деди Мирзиёев.
Музокараларда алоҳида эътибор товар айирбошлашни кўпайтириш, машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, агросаноат мажмуи, туризм ҳамда кўплаб бошқа муҳим тармоқларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлаш масалаларига қаратилди.

«Марказий Осиё – Болқон» йўналишида янги транспорт йўлакларини, жумладан, Транскаспий коридори доирасида ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида келгуси йилда Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишилди.

Тартибли меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 