date

Ўзбекистон Афғонистонга электр экспортни оширади

Ўзбекистон Афғонистонга электр экспортни оширади
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик янги стратегик босқичга чиқмоқда. Яқин келажакда Ўзбекистон томонидан Афғонистонга етказиб бериладиган электр энергияси ҳажми бир неча баробар ошади.

Бу режалар "Сурхон - Пули-Хумри" юқори кучланишли электр узатиш линияси қурилиши якунланганидан сўнг амалга оширилади. Бу ҳақда 28-октябр куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов матбуот анжуманида маълум қилди.

Вазир энергетика секторидаги икки томонлама муносабатларнинг барқарорлигини алоҳида таъкидлади. "Афғонистон билан ҳамкорлигимиз жуда фаол ривожланмоқда.

Сўнгги икки ой ичида мен у ерда уч марта бўлдим. Афғонистоннинг ўзида ҳам иқтисодиётни ривожлантириш учун жиддий қадамлар ташланмоқда, энергия ресурслари ва электр энергиясиз бу имконсиз", деди Мирзамаҳмудов.

У шунингдек, ишбилармонлик муҳити ижобий ва барқарор эканини қайд этди. Афғонистон томони молиявий интизомга жиддий эътибор қаратётгани ҳам алоҳида таъкидланди.

Энергетика вазирининг сўзларига кўра, Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати аввалги маъмуриятдан қолган қарзларни тўлиқ тўлаган ва айни пайтда етказиб берилаётган электр энергияси бўйича барча тўловлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий элементи 500 кВ кучланишга эга "Сурхон - Пули-Хумри" янги электр узатиш линияси қурилиши ҳисобланади.

"Президентимиз топшириғи билан ҳозирда ҳамкорликни кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз. Сентябр ойида шартнома имзоланди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди", деди вазир.

Ушбу лойиҳа икки томон томонидан 18 ой ичида, яъни 2027 йил 1 апрелга қадар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, экспорт ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Бу лойиҳа 17-августда имзоланган, умумий қиймати 250 миллион АҚШ долларига тенг бўлган кенгроқ келишувлар пакетининг бир қисмидир.

Лойиҳага 200,6 километр узунликдаги асосий электр линиясидан ташқари, "Хўжа-Алвон" ва "Арганда" подстанцияларини кенгайтириш, шунингдек, Қобул ва Нангарҳор вилоятларида янги электр линиялари ва подстанциялар қурилиши ҳам киритилган. Икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар барқарор ўсишни кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробар ошиб, 1,15 миллиард АҚШ долларига етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 762,1 миллион долларни ташкил этган эди.

Афғонистон Ўзбекистон учун тўртинчи йирик экспорт бозори сифатида мустаҳкамланиб, умумий экспорт ҳажмининг 3,8 фоизини (олтинни ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этди. Худди шу даврда Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр энергияси экспорти 114,8 миллион АҚШ долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўп.

Ўзбекистон 2002 йилдан буён Афғонистонга мунтазам электр энергияси етказиб келмоқда. 2025 йилгача бўлган етказиб бериш шартномаси ўтган йилнинг декабрида узайтирилган эди.

Афғонистон истеъмол қилинадиган электр энергиясининг 80 фоизини импорт қилади, ва Ўзбекистон Тожикистон, Туркманистон ва Эрон билан бир қаторда асосий етказиб берувчилардан бири ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон Афғонистонга электр экспортни оширади