
Белград ва Тошкент иқтисодий ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштиришни режалаштирмоқда. Ушбу режада икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. 
Ушбу қадам ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва туризм оқимларини кучайтириш учун катализатор сифатида баҳоланмоқда. Сербиянинг миллий авиакомпанияси Air Serbia ҳозирда Марказий Осиё йўналишидаги янги қатновни очиш бўйича батафсил таҳлил олиб бормоқда. 
Яқинда юқори даражадаги музокаралар натижасида авиакомпания Ўзбекистоннинг икки йирик шаҳри – Тошкент ва Самарқанд йўналишларини иқтисодий самарадорлик ва салоҳият нуқтаи назаридан ўрганмоқда. Мазкур масала Сербия делегациясининг Тошкентга расмий ташрифи давомида асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлди. 
Сербия Президенти Александр Вучич Tanjug ахборот агентлигига берган баёнотида давлатларо ҳамкорлик учун "кенг имкониятлар" мавжудлигини таъкидлади. 28 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама келишувлардан иборат ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Бу келишувлар келгусида имтиёзли савдо битими учун мустаҳкам замин яратади. "Келгусида эркин савдо, инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги бўйича битимлар имзоланишига умид қиламан", – деди Вучич серб ОАВларга берган интервьюсида. 
Тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши Air Serbia компаниясининг Евроосиё минтақасида ўз фаолиятини кенгайтириш стратегиясининг мантиқий давомидир. Авиакомпания илгари Жанубий Кавказдаги бошқа пойтахтлар – Тбилиси ва Боку шаҳарлари йўналишларида муваффақиятли парвозларни йўлга қўйган эди. 
Тошкент ва Самарқанд йўналишларидан қайси бири танланиши ҳар бир йўналишнинг истиқболлари батафсил таҳлил қилиниб, ҳал қилинади. Транспорт алоқаларидан ташқари, музокаралар давомида ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишлари муҳокама қилинди. 
Томонлар инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, иқтисодий шериклик бўйича келишувларга эришдилар. Хусусан, туризм, тиббиёт, юқори технологиялар ва сунъий интеллект соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. 
Бундан ташқари, меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, бу эса Ўзбекистон фуқаролари учун янги имкониятлар яратади. Мутассадиларнинг фикрича, тўғридан-тўғри ҳаво йўлаги очилиши нафақат ишбилармонлар ва сайёҳлар учун сафар вақтини ва харажатларини қисқартиради, балки икки халқ ўртасидаги маданий ва гуманитар алмашинувни фаоллаштириш учун кучли туртки бўлади.
Сербия ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади
Ctrl
 Enter
 Хато топдингизми? 
 Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 