
Тошкент вилоятининг Аҳангарон туманида «Central Asia Smart City» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа умумий қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлиб, бу минтақадаги бошқа йирик лойиҳа — Tashkent Medical Smart City'дан икки баробар каттароқдир.
Лойиҳа Тошкент вилояти ҳокимияти томонидан муҳокамага қўйилган. Мазкур мегалойиҳа «Going Investment» қўшма корхонаси томонидан амалга оширилади.
Бу корхонада Франция, Япония, Туркия ва Ўзбекистон инвесторларининг иштирокий мавжуд. Қурилиш учун 6 400 гектар ер ажратилган бўлиб, биринчи босқичда 500 гектарлик ҳудудда асосий инфратузилма объектлари барпо этилади.
«Central Asia Smart City» концепцияси 200 минг аҳолига мўлжалланган «ақлли яшил шаҳар»ни ташкил этишни ўз ичига олади. Лойиҳанинг дастлабки босқичида Марказий Осиё молия маркази, савдо-логистика комплекси, шунингдек, туризм ва транспорт соҳаларида халқаро марказлар қурилиши режалаштирилган.
Шунингдек, лойиҳада 75 минг ўринли кампусга эга Ал-Хоразмий номидаги халқаро билим ва технологиялар маркази ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Лойиҳанинг бош мақсади экологик барқарор ва технологиявий ривожланган шаҳар муҳитини яратишдир.
Янги шаҳарни Тошкент ва вилоятнинг бошқа марказлари билан боғлаш учун тезкор трамвай линияси (light rail) қурилиши режалаштирилган. Ушбу йўналиш Тошкент - Нурафшон - Central Asia Smart City - Олмалиқ - Аҳангарон маршрути бўйлаб ўтади.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда «ақлли шаҳарлар» концепцияси нафақат Тошкент агломерациясида, балки бошқа ҳудудларда ҳам ривожланмоқда.
Масалан, қадимий Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида шу каби, аммо кичикроқ лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар рақамли технологияларни шаҳар бошқаруви ва инфратузилмасига интеграция қилиш орқали туристлар учун жозибадорликни ошириш ва шаҳар аҳолиси турмуш сифатини яхшилашга қаратилган.
Аҳангарон туманида 10 млрд долларлик шаҳар қурилади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар