12:08 / 14.01.2017
9 732

O‘zLiDeP: тадбиркорларга янада кенг эркинлик яратилди

O‘zLiDeP: тадбиркорларга янада кенг эркинлик яратилди

Жорий йилнинг 13 январь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан партия фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркорлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда асосий эътибор «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти муҳокамасига қаратилди.

Тадбир иштирокчилари мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ қабул қилинганлигини алоҳида таъкидладилар.

Ушбу Қонун орқали Ўзбекистон Республикасининг Жиноят,
Жиноят-процессуал, Солиқ ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодексларига, шунингдек қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Таъкидланганидек, янги қонун тадбиркорлик субъектлари фаолиятини асоссиз аралашувлардан ишончли кафолатлаш билан бирга, жиноят ишлари бўйича тафтишлар ўтказишни процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солиши билан аҳамиятлидир.

Қонунда молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларини ва уларнинг ходимларини, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахсларни, агар етказилган зарарнинг ўрни улар томонидан қопланган ва ҳуқуқбузарлик оқибатлари ихтиёрий равишда бартараф этилган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод этиш, шунингдек тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жиноий жазони қўллашга тақиқ белгилаш назарда тутилган.

Тадбир иштирокчиларнинг фикрича, ушбу қоидалар тадбиркорлик субъектларини икки томонлама жазолаш имкониятини истисно этибгина қолмай, балки илк бор ҳуқуқбузарлик содир этган ва ўз айбини англаб етган фуқароларга ҳеч қандай салбий оқибатларсиз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш имкониятини беради. Бу эса, уларнинг ишбилармонлик борасидаги фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, қонунда бир қатор қонунчилик ҳужжатларига муқобил текширувларнинг барча турларини, жумладан, жиноят ишлари бўйича муқобил текширишларнинг барча турларини бекор қилишга тааллуқли тузатишлар киритилган. Бу тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг олдини олади.

Қонунда кўрсатиб ўтилган бу каби ҳуқуқий нормалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ эркинлик бериш, уларнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмидаги улушини ошириш, бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифати ва кўлами ортиши баробарида иқтисодий қудратимизни юксалтиришда, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашда салмоқли ҳисса қўшади.

Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур қонун ижроси устидан самарали назорат ўрнатишда парламентдаги партия фракцияси аъзолари ва депутатлик гуруҳларининг масъулиятини янада ошириш, бу борада кучли депутатлик назоратини ўрнатиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир сўнгида қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, биринчи навбатда партия электорати вакиллари бўлган тадбиркор ва ишбилармонларни яқиндан хабардор қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида дуч келиниши мумкин бўлган масалаларни ҳал этишда фракция ва маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳларини фаол жалб этиш борасида вазифалар белгилаб олинди.
O‘zLiDeP матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » O‘zLiDeP: тадбиркорларга янада кенг эркинлик яратилди